Жамият | 19:03 / 19.08.2021
27757
3 дақиқада ўқилади

Фарғонада Валиевлар оиласи 6 нафар етим болани фарзандликка олди

Фарғона вилояти Фарғона тумани Саткак маҳалласи Янгиобод кўчасидаги Валиевлар хонадони 6 нафар етим болани ўз қарамоғига олди.

Бундан уч йил муқаддам оила етим болаларни қарамоғига олиш учун мутасадди идораларга бир неча марта мурожаат қилган. Лекин ўша пайтда айрим сабабларга кўра бу иш амалга ошмаган эди.

Оиланинг 4 фарзанди қаторига эндиликда 6 бола қўшилиб хонадонда жами 10 нафар бола тарбияланмоқда.

Оила бошлиғи Набижон Валиев тадбиркорлик билан шуғулланади. Турмуш ўртоғи Зиёдахон Валиева эса Фарғона шаҳридаги 4-умумтаълим мактабида директор ўринбосари лавозимида ишлайди.

“Ўзимизнинг икки ўғил ва икки қизимиз бор. Аёлим билан яна икки ёки уч нафар бола асраб олиш ҳақида маслаҳат қилиб юрардик. Фарзандларимизга қўшиб меҳрибонлик уйи болаларидан тарбиялашни ният қилгандик. Меҳрибонлик уйларидаги болаларга васийлик қилиш Миллий гвардияга топширилганини эшитиб, бола асраб олиш учун Миллий гвардиянинг вилоят бошқармасига мурожаат қилдик. Шундан сўнг Марғилон шаҳридаги 1-сонли Меҳрибонлик уйидан 6 нафар (3 ўғил, 3 қиз) чин етим болани фарзандликка олдик.

Икки гектар еримиз бор ва у ерда боғ бунёд этганмиз. Боғдаги олма, ўриклар ҳосилга кирди. Болалар улғайса, мана шу боғ ўрнида иморатлар солиб, уларни уй-жойли қиламиз деб режа туздик”, – дейди Kun.uz мухбири билан суҳбатда оила бошлиғи Набижон Валиев. 

Оила бекаси Зиёдахон Валиеванинг таъкидлашича, таълим тизимида ишлагани учун иш юзасидан Меҳрибонлик уйига тез-тез бориб турган. У ердаги болаларнинг кўзларидаги мунгни кўриб, қурби етгунча бир неча болани асраб олишни мақсад қилган.

Меҳрибонлик уйидан келган болалар орасида рус миллатига мансублари ҳам бор. Оила бошлиқлари болалар фарзандлари билан тез тил топишиб кетганини таъкидлайди.

Ўғлининг оиласида фарзандлари сони кўпайганини эшитган Набижон аканинг онаси Каромат опа қишлоқдан етиб келган. Болажон Каромат опа ўзида йўқ хурсанд. Болаларни юзидан ўпганча бағрига босади.

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид