Ўзбекистон | 07:55 / 19.08.2021
4575
2 дақиқада ўқилади

Сенат мажбурий меҳнат ҳолатларининг аксарияти қайси соҳаларда учраётганини маълум қилди

2021 йил 18 август куни Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар қилмоқда.

Сенат раиси, Миллий комиссия раиси Танзила Норбоева олиб борган мажлисда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида 2021 йилнинг 1-ярим йиллигида амалга оширилган ишлар, кўрилган чоралар ҳамда ушбу йўналишларда ҳали ўз ечимини кутаётган масалалар муҳокама қилинди.

Йиғилишда одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам кўрсатиш, уларни реабилитация қилиш, шунингдек, хориждаги фуқаролар манфаатларини ҳимоялаш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Одам савдосидан жабрланган, узоқ муддат хорижда бўлиб қайтган ва депортация қилинган аёлларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатилгани таъкидланди.

Шунингдек, йиғилишда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши кураш бўйича ўз ечимини кутаётган масалаларга эътибор қаратилди. Айрим маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, вазирлик ва идораларнинг қуйи тузилмалари раҳбарлари томонидан мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари ҳали ҳамон кузатилаётгани танқид қилинди.

“Мисол учун, ҳисобот даврида Меҳнат инспекцияси томонидан жойларда ходимларни ўз функционал вазифасига кирмайдиган ишларга жалб этиш бўйича 41 та ҳолат аниқланган. Соҳалар кесимида айтганда, мажбурий меҳнат ҳолатларининг аксарияти халқ таълими, банк-молия, тиббиёт, транспорт ва ободонлаштириш тармоқларида учрамоқда”, дейилади хабарда.

Йиғилишда жорий йилги пахта йиғим-терим мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, меҳнат муносабатларини тўғри расмийлаштириш, теримчилар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган масалалар ҳам муҳокама қилинди.
 

Мавзуга оид