Жаҳон | 23:00 / 20.08.2021
25850
2 дақиқада ўқилади

Лукашенко президент лавозимидан кетмоқчилигини маълум қилди

Беларусь президенти Александр Лукашенко ўз лавозимидан кетмоқчилигини ва “жуда бўлмаса бир неча йил одамларга ўхшаб яшамоқчилигини” маълум қилди.

Фото: БелТА

“Ростини айтсам, мен бир неча йил бўлса ҳам одамларга ўхшаб нормал яшамоқчиман. Ахир мен бундай ҳаётни кўрмаганман ҳам”, деб айтган куч тузилмалари вакилларига давлат мукофотлари топширилиши маросимида Лукашенко.

У шу сўзлари билан мамлакатга умрининг охиригача раҳбарлик қилишни истаётгани ҳақидаги миш-мишларга изоҳ берган. 

Лукашенко уни ҳаттоки кичик раҳбар ҳам тушунишини айтган. Унинг таъкидлашича, Беларусь президенти ҳаёти “бу эрталабдан кечгача ҳаддан ташқари оғир юк ва босимдир”. 

Лукашенко Афғонистондаги вазиятга ҳам изоҳ бериб ўтган. У Афғонистонда юз берган воқеалар ғарб демократиясининг асл моҳиятини кўрсатганини айтган ва беларусларни бундан сабоқ чиқаришга чақирган.

“Улар асл башарасини кўрсатди. Агар ўтган йил ҳам биз билан шундай “блицкриг”ни (тезкор уруш) амалга оширишганда, бизда ҳам шундай ҳодисалар юз бериши мумкин эди. Шу сабабли бундан сабоқ чиқариш лозим”, деб айтган Беларусь раҳбари.

У Афғонистондан АҚШ самолётлари қанотлари, шоссиларига чирмашиб кетмоқчи бўлган, бироқ баландликдан йиқилиб ҳалок бўлган афғонлар видеосини эслаб ўтган. “Мана уларнинг демократияси”, деб киноя қилган Лукашенко.

У Беларусдаги вазиятни издан чиқариш сабаби тушунарли эканини айтган. “Бунинг сабаби моддий манфаат – халқ, давлат мулкини ўзаро бўлишиб, уни сотишдир”, деб таъкидлаган Беларусь раҳбари.

Мавзуга оид