Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Боксдаги натижалар қониқарлими? Токио олимпиадаси таҳлил қилинди
Токиода бўлиб ўтган олимпиада ўйинлари якунлари бўйича Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида йиғилиш бўлиб ўтди. Миллий олимпия қўмитаси раҳбарияти ва олимпиада иштирокчилари қатнашган тадбирда журналистларни қизиқтирган бир қатор саволларга жавоб берилди.
Олимпиададаги салбий натижалардан сўнг спорт федерациялари раҳбариятида ўзгаришлар бўладими?
Бу саволга МОҚ бош котиби Ойбек Қосимов шундай жавоб берди: «Олимпиада якунлари бўйича якуний натижалар танқидий ва таҳлилий кўриб чиқилади. Лицензия қўлга киритмаган спорт турлари биринчи навбатда муҳокама қилинади. Сузиш ва енгил атлетика сингари олимпия ўйинларида пастроқ натижа қайд этган спорт турларига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Булар режамизда бор. Раҳбарлар, спорт менежерлари кўп нарсани ҳал қилиши бор гап. Биз бу борада ҳам таклиф тайёрлаяпмиз, кўплаб федерацияларда янгиланишлар кутиляпти».
Оксана Чусовитинадан байроқдорлик нега олиб қўйилди?
Ойбек Қосимовнинг айтишича, гимнастика афсонаси бўлган Чусовитина жисмоний ҳолатига салбий таъсир ўтказмаслиги учун очилиш маросимида қатнашмаган: «Оксана Чусовитинага байроқдор бўлиш таклифини шахсан ўзим берган эдим. Рио Олимпиадасидан сўнг у билан суҳбатлашганимда, агар келгуси олимпия ўйинларига етиб бора олсам, парадга чиқиш ниятим бор, деган эди. Токио ўйинларидан олдин ҳам шу ниятда эканини айтди. Шу тариқа Оксанага байроқдор бўлишни таклиф этдик ва Оксана буни мамнуният билан қабул қилди.
Бироқ мусобақаларга қуръа ташланганидан сўнг Чусовитина ва унга шерик бўлиши кутилган Бобоусмон Батуровнинг иштироки дастлабки кунларга тўғри келиб қолди. Оксана билан Токиода гаплашганимизда сўнгги олимпиадам бўлишига қарамай, медал учун курашаман, жиддий тайёргарлик кўряпман, деди. Шундан келиб чиқиб, дастлабки кунларда иштирокини ўтказадиган вакилларимизни очилиш маросимига жалб этмасликка қарор қилдик».
Боксдаги ҳакамлик адолатсиз бўлдими?
МОҚ бош котиби боксчи Миразиз Мирзахалиловнинг жанги билан боғлиқ вазиятда Ўзбекистон делегацияси қай тариқа ҳакамликка норозилик билдирганини айтиб берди: «Ўзбек спорти ихлосмандлари боксчиларимиздан катта натижа кутишини билар эдик. Кўпчилик боксчиларимизнинг дастлабки раундларда мусобақани тарк этиши биз учун ҳам кутилмаган ҳолат бўлди. Таъкидлаб ўтиш лозимки, бу галги олимпия ўйинларидаги бокс мусобақалари АИБА томонидан эмас, балки Халқаро олимпия қўмитаси томонидан тайинланган махсус гуруҳ: Халқаро гимнастика федерацияси раҳбари Моринари Ватанабе ва Халқаро дзюдо федерацияси раҳбари Мариус Визер каби мутасаддилар томонидан ташкиллаштирилди.
Боксчиларимизнинг иштирокидаги ҳакамлик борасидаги ташвишли ҳолатдан сўнг, мусобақаларни бевосита ташкиллаштириш билан шуғулланаётган Моринари Ватанабе билан кўришдик. Мавжуд вазият юзасидан фикр алмашдик ва бизга мутахассис бириктириб берилди. Ушбу мутахассис мен ва бокс мураббийларимиз билан Миразиз Мирзахалиловнинг иштирокини қайтадан кўриб чиқиб, очко ҳисоблаш тизимини тушунтириб берди. Ҳисоблашда хатоликлар бўлгани тан олиниши билан бирга 100 фоизлик ноҳақ ҳакамлик бўлмагани тушунтириб берилди. Америкалик ҳакам спортчимиз яққол ютиб турган жойда тушунарсиз қарор қабул қилгани шубҳали деб топилган ва бу ҳакам мусобақадан четлатилган. Бизга хабар берилишича, мурожаат билан чиққанимиздан сўнг яна икки ҳакам четлатилган», деди Ойбек Қосимов.
Дзюдодаги натижалар ёмонлашяптими? Илиадис бошчилигидаги мураббийлар штаби яхши иш олиб бордими?
Бу саволга Токио олимпиадаси совриндори, дзюдочи Давлат Бобонов жавоб берди: «Фақат олимпиада мисолида гапирсак, сарфланган пул натижаларда акс этмаган, дейиш мумкин, лекин биз сўнгги уч ой ичида жаҳон чемпионати, Осиё чемпионати ва олимпиада ўйинларида иштирок этдик. Осиё чемпионатида Ўзбекистон дзюдоси тарихидаги энг яхши натижани қайд этдик. Жаҳон чемпионатида илк бор жамоавий микс баҳсларида бронза медалини қўлга киритдик.
Илиадис бош мураббий бўлган 2019 йилнинг охирида мен бутунжаҳон дзюдо рейтингида 55-ўринда эдим. Олимпиада саралашининг якуний рейтингига назар ташласангиз, якуний саккизликдан менинг вазнимда яна 2 нафар ўзбекистонлик спортчи ўрин олганини кўришингиз мумкин. Энг юқори рейтингга эга бўлганим учун мен Токиога бордим. Лекин бир қатор кучли полвонларнинг олимпия ўйинларига номзод бўлгани ўзбек дзюдоси яхши ривожланаётганидан дарак беради», деди Бобонов.
Мавзуга оид
18:40 / 06.02.2026
МОҚ раиси биринчи ўринбосари Отабек Умаров номидан фейк хабарлар юборилаётгани аниқланди
19:25 / 03.11.2025
Осиё ёшлар ўйинларининг совриндорлари пул мукофоти билан тақдирланди
19:19 / 23.08.2025
Ўзбекистон МОҚ ва футбол ассоциацияси раҳбарияти “Манчестер Сити“ клубининг инфратузилмаси билан танишишди
10:24 / 31.08.2024