Ўзбекистон | 07:51 / 26.08.2021
3459
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда илмий фаолият билан шуғулланаётган хотин-қизларнинг асосий қисми олий таълим соҳасида экани айтилди

Пойтахтда Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши ҳамда Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссиясининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Сенат раиси Танзила Норбоева иштирок этди.

Қайд этилишича, Гендер тенгликни таъминлаш стратегиясида хотин-қизларни илмий фаолиятга кенг жалб қилиш, уларнинг инновацион ғояларини, ихтирочилик, рационализаторлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Танзила Норбоеванинг сўзларига кўра, ўтган йилнинг ўзида 31 минг нафардан зиёд илмий ходим илмий-тадқиқот ва тажриба конструкторлик фаолияти билан шуғулланган бўлса, уларнинг қарийб 40 фоизини аёллар ташкил этган.

Хусусан, хотин-қизларнинг 73 фоизи олий таълимда, 16,5 фоизи давлат секторида, 10 фоизи тадбиркорлик соҳасида, 0,2 фоизи нотижорат секторида илмий фаолият билан шуғулланмоқда.

Таҳлилларга кўра, илмий фаолият билан шуғулланувчи аёллар асосан Тошкент шаҳрида йиғилган (49,6 фоиз). Ҳудудларда эса илмий фаолият билан шуғулланувчилар кўрсаткичи пастлигича қолмоқда.

Илмий фаолият билан шуғулланаётган аёлларнинг 3 568 нафари илмий даражага эга бўлиб, уларнинг 707 нафари фан доктори, 2 412 нафари фан номзоди ва 449 нафари PhD илмий даражасига эга ходимлар ҳисобланади.

Ҳозирги кунда илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси талабларига мувофиқ умумий йиллик молиявий ҳажми 45,4 млрд сўмлик 82та илмий лойиҳа (27,8 млрд сўмлик 57та амалий, қарийб 17 млрд сўмлик 25та инновацион лойиҳа) олима аёллар томонидан бажарилмоқда.

Мавзуга оид