Иқтисодиёт | 19:01 / 27.08.2021
19228
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон кабель-сим импорти учун утилизация йиғими киритди. Бу ўзбек тадбиркорларига таъсир қилади

Қозоғистон томонидан нотариф чеклов ўрнатилиши кабель-сим маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи Ўзбекистон корхоналарига жиддий таъсир ўтказиши мумкин. 2021 йилнинг 7 ойида Ўзбекистон корхоналари Қозоғистонга 10,7 млн долларлик кабель-сим маҳсулотларини экспорт қилган.

2021 йил 1 июндан бошлаб, Қозоғистон томонидан импорт қилинадиган кабель-сим маҳсулотларига 5 фоиз миқдорида утилизация йиғими жорий қилинди ҳамда 2022 йилдан бошлаб бу йиғим 10 фоиз миқдорида ўзгариши белгиланди.

Утилизация йиғими – экологик хавфсизликни таъминлаш, фуқаролар соғлиғини ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш мақсадида ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва шунга ўхшаш техникалар ва маҳсулотларни ишлаб чиқариш ёки мамлакатга олиб кириш учун жорий қилинади.

Мазкур тартибга асосан, Қозоғистонда фаолият юритадиган кабель-сим маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан тўланган утилизация йиғими давлат томонидан тўлиқ қайтариб берилади. Демак, мазкур утилизация йиғими фақатгина импорт қилинадиган кабель-сим маҳсулотлари учун жорий қилинган.

Ҳукумат томонидан мазкур тартибни жорий қилиш учун асосий мақсад сифатида экологик муҳитни кабель-сим маҳсулотлари чиқиндиларидан асраш кўрсатиб ўтилган ҳамда Қозоғистон Экология кодексига янги “экологик хавфсиз кабель-сим маҳсулоти” атамаси киритилган.

“Ўзэлтехсаноат” уюшмасининг маълум қилишича, жорий йилнинг дастлабки 7 ойи давомида Ўзбекистон корхоналари Қозоғистонга 10,7 миллион долларлик кабель-сим маҳсулотларини экспорт қилган. Июль ойидан утилизация йиғимининг жорий қилиниши экспорт маҳсулотларининг нархини ошириб, рақобатбардошлигини камайтириши мумкин.

Ўзбекистон компаниялари учун Қозоғистонга маҳсулот экспорт қилиш бирмунча қулай. Бундан ташқари, ҳукумат Марказий Осиё мамлакатларига кабель-сим маҳсулотларини экспорт қилувчи ҳамма компанияларнинг транспорт харажатларини қоплаб бериш мажбуриятини олган.

Бунга қадар сим-кабель маҳсулотлари учун Марказий Осиёнинг ҳеч қайси давлатида утилизация йиғими мавжуд эмасди.

Бу қарор юзасидан Россия Электр кабель уюшмаси ва Белоруснинг кўплаб корхоналари Евросиё иқтисодий комиссиясига Қозоғистон томонидан иттифоқчи шериклар учун ҳимоя чорасини яратиш тўғрисида ариза билан чиқишган.

Мавзуга оид