Ўзбекистон | 18:37 / 31.08.2021
28939
4 дақиқада ўқилади

Мактаб ҳам, боғча ҳам қабул қилмаётган болалар. Улар қаерда қолади?

Бошланаётган янги ўқув йили арафасида фарзанди 2015 йилнинг 1 январидан кейин туғилган ота-оналар учун муаммоли ҳолат юз бермоқда.

Фото: Unsplash

Ўтган йили сентябрда “Таълим тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди ва мактаб ёши 7 ёш деб белгиланди. Бунга қадар боланинг ақлий салоҳиятига кўра 6 ёшдан ҳам мактабга қабул қилиниши мумкин эди. Жорий ўқув йилидан бошлаб бола фақат 7 ёшга тўладиган йилидагина мактабга чиқиши мумкин бўлди.

Маълум бўлишича, мактабга чиқадиган болалар учун боғчаларда бир йиллик мажбурий тайёрлов курслари ташкил этилган ва унда жорий йилда 7 ёшга тўлмайдиган болалар ҳам мактабга тайёрланган. Лекин тайёргарлик якунланиб, ўқув йили бошланиши олдидан туғилган ойларидаги фарқ (7 ёшга тўлмагани) сабаб бу болалар мактабга қабул қилинмаган.

Бу ҳолат шу ёшдаги фарзанди бор ота-оналарнинг норозилигига сабаб бўлмоқда. Чунки болаларнинг 7 ёшга тўлмагани сабаб уларни мактаб ҳам қабул қилмайди. Тайёрловни тугатгани сабаб боғчада ҳам улар ортиқча.

Kun.uz мухбири вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида масъул вазирликлар билан боғланди.

Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби Лайло Рустамова:

— Ўзбекистон Республикаси “Таълим тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонуннинг 9-моддасида умумий ўрта таълим ташкилотларининг биринчи синфига болалар улар 7 ёшга тўладиган йилда қабул қилинади, деб белгилаб қўйилган. Масалан, жорий 2021/22 ўқув йилида 1-синфга чиқадиган болалар 2021 йилнинг 31 декабрига қадар 7 ёшга тўладиган бўлиши, яъни 2014 йилнинг 31 декабрь кунига қадар туғилган бўлишлари лозим.

Ҳозир мактабга чиқаётган болалар орасида 7 ёшга тўлмаган болалар ҳам бор. Биз қонун доирасида иш олиб боряпмиз. 2015 йилнинг 1 январидан кейин туғилган болалар кейинги ўқув йилида мактабга қабул қилинади. Чунки улар 2022 йилда 7 ёшга тўлади.

Мактабгача таълим вазирлиги матбуот котиби Мавлуда Асқархўжаева:

— Мактабгача таълим муассасаларида болаларни бошланғич таълимга тайёрлаш учун бир йиллик мажбурий тайёрлаш тизими йўлга қўйилди. Лекин қонунга биноан 2021 йилда 7 ёшга тўлмаган болалар мактабга қабул қилинмагани сабабли улар яна боғчада тарбияланишни давом эттиришлари ёки уйда ота-она назоратида бўлишлари мумкин.

***

Айни дамдаги муаммо шундаки, таҳририятга маълум манбаларга кўра, айрим жойларда бола жорий йилда 7 ёшга тўлмаса-да қонунни четлаб ўтиб 1-синфга қабул қилинаётгани ҳақида маълумотлар бор.

Боғчаларда бир йиллик тайёрлов курсини ўтаб бўлган, аммо ёши сабаб энди боғчадан чиқариб юборилаётганлар ҳақида ҳам маълумотлар келиб тушмоқда.

Депутатлар Мактабгача таълим вазирлиги томонидан мактабга чиқадиган болалар учун бир йиллик мажбурий тайёрлов амалга оширилгани, лекин ҳозирда минглаб болалар ёши нуқтайи назаридан мактабга қабул қилинмаётгани ва бу ота-оналарнинг кўплаб эътирозига сабаб бўлаётганига ҳам эътибор қаратиб, халқнинг биронта боласи кўчада қолмаслиги кераклигини таъкидлади.

Аммо ҳозирча масала тугал ечим топгани йўқ.

Маълумотларга кўра, 2021/22 ўқув йилида 641 604 нафар ўқувчи 1-синфга қабул қилиняпти. 2020/21 ўқув йилида бу рақам 650 минг нафардан ортиқни ташкил қилган.

Давлат хизматлари агентлигидан олинган маълумотга кўра, 2015 йил 1 январдан то 31 августга қадар Ўзбекистонда 471 572 нафар бола туғилган. Бундан хулоса қилиш мумкинки, мана шу оралиқда туғилган ва мактабга тайёрловни тугатган болаларнинг аксарияти жорий ўқув йилида на мактабга ва на боғчага бора олмайди.

Гулмира Тошниёзова,
Kun.uz мухбири

Гулмира Тошниёзова
Тайёрлаган Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид