Ўзбекистон | 16:59 / 07.09.2021
7502
2 дақиқада ўқилади

«Термиз» полигонида ҳудуддаги ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмаларининг ўқув йиғини бошланди

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўмондони ўринбосарининг буйруғига асосан миллий армиянинг жанговар шайлигини ошириш, тайёргарлик машғулотларини бугунги кун талаблари асосида ташкил этиш мақсадида ўқув йиғинларига старт берилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Хусусан, кеча 6 сентябрь куни «Термиз» дала ўқув майдонида Сурхондарё вилояти ҳудудидаги ҳарбий қисмлар ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмалари билан авиациянинг интенсив учиш ҳудудларида дала ўқув йиғини бошланди.

Маълум қилинишича, дала ўқув йиғинини ўтказишдан асосий мақсад тўпланган тажрибаларни янада мукаммаллаштириш, жанговар ҳаракатларни ташкиллаштириш ва уларни замонавий шароитларда ҳар томонлама таъминлаш бўйича эгалланган билимларни мустаҳкамлаш ҳисобланади.

Айни кунларда ўқув-услубий йиғин давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, «Толибон» Афғонистонни эгаллагач, кўплаб афғон ҳарбийлари жон сақлаш учун Ўзбекистонга қочиб ўтган. Август ойи ўрталарида афғон армиясининг ҳарбий учувчилари Ўзбекистон ҳудудига ўтиб, Сурхондарёдаги пахта майдонига қўнгани акс этган видео интернетда тарқалди.

Reuters ахборот агентлиги Ўзбекистондаги учувчилар билан телефон орқали гаплашиб, АҚШ уларни эвакуация қилишини интизор бўлиб кутаётганини маълум қилган эди.

Мавзуга оид