Спорт | 11:47 / 07.09.2021
9802
2 дақиқада ўқилади

“Ватанпарвар” спортчиси Россияда ғолибликни қўлга киритди

Жорий йилнинг 4 сентябрь куни Россия Федерациясининг Татаристон Республикаси пойтахти Қозон шаҳрида биринчи МДҲ давлатлари ўйинларига старт берилган эди.

Спорт мусобақасида 9 та давлат, жумладан, Россия, Ўзбекистон, Озарбойжон, Беларус, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Молдова ва Арманистондан 14 ёшдан 23 ёшгача бўлган тажрибали спортчилар беллашмоқда.

Мусобақанинг пневматик қуролдан ўқ отиш йўналишида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси – мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгашининг ўқ отиш спорти секцияси аъзоси Муҳаммад Камолов фахрли 1-ўринни эгаллаб, олтин медалга сазовор бўлди.

“Ватанпарвар” ташкилоти Матбуот хизмати маълум қилишича, Муҳаммад Камолов 2002 йилда туғилган, 6 йилдан буён, ўқ отиш спорти секциясида Муҳаббат Кондакова ва Вадим Кондаков мураббийлиги остида шуғулланиб келмоқда. Ёш спортчи бир неча маротаба республика ва халқаро мусобақаларда ғолибликни қўлга киритиб, 2020 йилда имтиёз асосида Наманган Муҳандислик-қурилиш институтига ўқишга қабул қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Қозон шаҳрида ўтаётган биринчи МДҲ давлатлари ўйинлари 11 сентябрь куни якунига етади. Ҳозирда Ўзбекистон спортчилари Россия терма жамоасидан кейин иккинчи ўринни эгаллаб турибди.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид