Ўзбекистон | 10:46 / 14.09.2021
1959
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда Ёшлар ишлари агентлиги бошқармаси тан олмаган пулни вилоят ҳокимлиги тўлаб берадиган бўлди

Қашқадарёда Ёшлар ишлари агентлиги бошқармаси раҳбари ўзаро шартнома йўқлигини айтиб тан олмаган пулни маҳаллий бюджет ҳисобидан вилоят ҳокимлиги тўлаб берадиган бўлди. Бу ҳақда ҳокимлик ахборот хизмати хабар бермоқда.

Ижтимоий тармоқларда Қарши шаҳрида фаолият кўрсатувчи тадбиркор 2020 йил декабрь ойида вилоятда ёшлар фестивали ўтказилганида унинг қатнашчиларига икки марта тушлик қилиб бериб, 20 миллион сўм пулини ҳанузгача ололмай юргани ҳақида хабарлар тарқалди. Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Темурбек Поёнов тадбиркор мурожаати бўйича муносабат билдирди ва ошхона эгасида шартнома йўқлигини, шу сабабли пулларни тўлаб бера олмаслигини маълум қилди.

Бугун, 14 сентябрь куни вилоят ҳокими Зойир Мирзаев тадбиркор билан учрашиб, масъуллар иштирокида масалани муҳокама қилган. Аниқланишича, тадбир иштирокчиларини овқатлантириш учун 20 миллион сўмга яқин 2 кунлик тушлик пули ҳужжатлардаги хатоликлар сабаб тадбиркорга тўлаб берилмаган.

Зойир Мирзаев тадбиркорга маблағ маҳаллий бюджет ҳисобидан тўлаб берилишини маълум қилган ва камчиликларга йўл қўйган раҳбарларни кечиришини сўраган. Шунингдек, бундан буён ҳеч ким билан шартномасиз ишламасликни маслаҳат берган.

«Ўзимга келиб учрашмайсизми? Ёки онлайн ботимга ёзсангиз ҳам эътибордан четда қолдирмасликка ҳаракат қилардим. Кеча ушбу хабарни эшитибоқ, ёрдамчимга сизни топиб, қабулимга олиб келишларини айтдим. Камчиликларга йўл қўйган раҳбарларни бир мартага кечирасиз, маблағни шу ҳафтанинг ўзида маҳаллий бюджетдан ўзим тўлаб бераман. Энди бу иш сизга ҳам сабоқ бўлсин, шартномасиз ишламанг», деган вилоят ҳокими.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид