10:00 / 22.09.2021
2938

“Ўзбекинвест” компаниясининг молиявий барқарорлик рейтинги “uzA++” даражасида тасдиқланди

“Ўзбекинвест” суғурта компанияси “Ahbor-Reyting” агентлиги томонидан молиявий барқарорликнинг миллий шкаласи бўйича энг юқори рейтингга эга бўлди.

“Ahbor-Reyting” рейтинг агентлиги “Ўзбекинвест” экспорт-импорт суғурта компаниясига молиявий барқарорликнинг миллий шкаласи бўйича “Барқарор” прогнози билан “uzА++” даражасидаги рейтингни тақдим этди.

Тақдим этилган даража миллий рейтинг шкаласи бўйича суғурта компания тўлов қобилиятининг энг юқори баҳоси ҳисобланади. Бу даража ўз мажбуриятларини ва суғурта полислари эгалари талабларини ўз вақтида ва тўлиқ бажаришга ниҳоятда юқори имкониятларга эга бўлган компанияларга тақдим этилади.

Рейтинг агентлиги рейтинг даражасига таъсир қилувчи бир қатор ижобий омилларни кўрсатиб ўтди:

  • кенг ҳудудий қамров ва суғурта хизматларининг хилма-хиллиги;
  • бизнесни кенгайтириш кўрсаткичларининг ижобий тренди;
  • бозор улушининг юқорилиги ва суғурта бозоридаги етакчи ўринлардан бирини эгаллаши;
  • вилоятлар бўйича суғурта тушумларининг ижобий диверсификацияси;
  • суғурта компаниясининг юқори даражадаги фаоллиги ва суғурта хизматлари бозорининг асосий сегментларини тезкорлик билан эгаллаши;
  • замонавий ахборот технологиялари ва молиявий воситаларини фаол татбиқ этиш;
  • юқори даражадаги тўлов қобилияти ва даромад кўрсаткичларининг мустаҳкамланиши;
  • тажрибали бошқарувчилар гуруҳи.

Агентлик шуни таъкидлаб ўтдики, 2020 йил давомида “Ўзбекинвест”нинг бизнес кўлами ва суғурта фаолияти кўрсаткичлари барқарор даражада ўсиб борди.  Компаниянинг амалдаги шартномалари сони 2019 йил натижаларига нисбатан 123 фоизга ошди ва 792,9 минг донани ташкил этди. Шундан 705,3 мингтаси жисмоний шахслар билан тузилган.

“Ўзбекинвест”нинг йиғилган умумий суғурта мукофотлари ҳажми 262,9 миллиард сўмни ташкил этди. Бу жами йиғилган бозор мукофотларининг 14,0 фоизини ташкил этди. Компаниянинг суғурта тўловлари ҳажми 69,9 миллиард сўмни ташкил этди, бу эса 2019 йилга нисбатан 44,8 миллиард сўмга кўпдир, бунинг натижасида суғурта секторининг жами тўловлари бўйича компаниянинг улуши 15,9 фоизни ташкил этди.

Суғурта фаолияти ҳажмларининг ўсиши билан биргаликда компаниянинг суғурта заҳиралари 123,2 фоизга ўсди. Ҳисобот даврида молиявий фаолиятдан олинган даромад 150,2 фоизга ошди.

Қайта суғурталаш операциялари сиёсати қайта суғурталаш ташкилотлари ва компания ўртасида амалда бўлган ўзаро ҳамкорлик келишувларини мустаҳкамлаш ва янгиларини тузиш йўли билан амалга оширилади. Молиявий тузилмалар билан ўзаро манфаатли ишбилармонлик алоқалари компанияга ўз таваккалчиликларини таниқли қайта суғурта компанияларида қайта суғурталаш имкониятини беради ҳамда бизнес юритишнинг юқори стандартларига яқинлашишга ёрдам беради.

Бу йўналишда компания етакчи суғурта ва қайта суғурта компаниялари ва суғурта брокерлари билан ҳамкорлик қилади:

  • Allianz SE (Германия);
  • Zurich Insurance Group (Швейцария);
  • Tokio Marine & Nichido Fire Insurance Co. Ltd. (Япония);
  • AXA (Франция);
  • People Insurance Company of China (Хитой);
  • Korean Reinsurance Company (Корея);
  • “Согаз” (Россия) ва бошқалар.

 “Ўзбекинвест” бошқарув тизими компаниянинг молиявий-хўжалик фаолиятининг барча асосий жиҳатларини, шу жумладан, суғурта операцияларининг ҳисоби сиёсати, молиявий ресурслардан мақсадли ва самарали фойдаланиш, қабул қилинган суғурта мажбуриятлари бўйича тўлов қобилиятининг меъёрий кўрсаткичларига мувофиқлигини, хавфларни самарали бошқариш, даъволарни кўриб чиқиш ва қайта суғурта фаолиятини ўз ичига олади.

Мустақил аудиторлар хулосасига кўра, “Ўзбекинвест” бошқарув тизимининг сифати ижобий деб баҳоланади.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг феврал ойида “A. М. Best Company” (AҚШ) халқаро рейтинг агентлиги “Ўзбекинвест” экспорт-импорт суғурта компанияси акциядорлик жамиятига “ВВ” даражасида “Барқарор” прогнози билан кредит рейтинги берилганлигини расман эълон қилди.

Шундай қилиб, компания Ўзбекистон молия секторининг барча иштирокчилари орасида халқаро рейтинг агентликлари томонидан берилган энг юқори рейтинг даражасига эга бўлди.

«Ўзбекинвест» ЭИСК АЖ Матбуот хизмати Ⓣ

Top