18:39 / 23.09.2021
22571

Бир қатор солиқ имтиёзлари бекор бўлиши мумкин

Давлат солиқ қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган қарор лойиҳасида тадбиркорларга берилган бир қатор солиқ имтиёзлари бекор бўлиши, солиқ текширувларида ўзгаришлар бўлиши назарда тутилган. Савдо-саноат палатаси бунга қарши чиқмоқда.

Давлат солиқ қўмитаси томонидан ВМнинг “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Унда бир қатор солиқ имтиёзлари бекор қилиниши назарда тутилган.

Савдо-саноат палатасининг Kun.uz’га тақдим этган маълумотларига мувофиқ, ДСҚ қарор лойиҳасида бир қатор қонун ҳужжатларида белгиланган солиқ имтиёзлари бекор бўлиши кўзда тутилмоқда. Улар қуйидагилар:

  • шошилинч тиббий ёрдам хизматини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармасига тушадиган ҳомийлик маблағлари солиққа тортилмаслиги;
  • ташқи муҳандислик тармоқлари ва иншоотларини «Ўзбекенерго» ДАК, «Ўзкоммунхизмат» агентлиги, «Ўзтрансгаз» акциядорлик компаниясининг минтақалараро унитар корхоналари, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг иссиқлик-сув таъминоти ва коммунал хўжалиги ташкилотлари балансига бепул беришда ушбу тармоқлар ва иншоотларнинг қиймати даромад (фойда) солиғини ва қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқишда солиқ солиш объекти ҳисобланмаслиги;
  • пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини ташкил этадиган пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш ташкилотчилари ва фермер хўжаликлари оладиган ҳамда улар томонидан бериладиган, ўзлари ишлаб чиқарадиган маҳсулотларни сотиш бўйича оборотлар билан боғлиқ бўлмаган пул маблағлари ва мулк, шунингдек, соф даромад тақсимоти солиқ солинадиган объектлар ҳисобланмаслиги;
  • «TST  cluster» МЧЖнинг агрокорхоналардан олинган ҳамда ушбу корхоналар ўртасида бериладиган, ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотни сотиш бўйича айланмалар билан боғлиқ бўлмаган пул маблағлари ва мол-мулк, шунингдек, соф фойдани тақсимлаш солиқ солиш объекти ҳисобланмаслиги;
  • бошқарув компанияларининг шартнома доирасида кўп квартирали уй-жой фондини сақлаш, ундан фойдаланиш ва таъмирлаш учун олинган даромадлари қўшилган қиймат солиғи ва юридик шахсларнинг даромад солиғидан озод қилингани;
  • пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ташкилотчилари томонидан фермер хўжаликларига бериладиган ёнилғи-мойлаш материаллари, минерал ўғитлар, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари, ўсимликлар ривожланишининг регуляторлари, дефолиантлар ва бошқа кимёвий воситалар солиқ солинадиган объект ҳисобланмаслиги (қўшилган қиймат солиғидан ташқари).

ССП ушбу имтиёзлар қонунчиликда белгиланган тартибда амал қилиш муддати якунлангач бекор бўлиши кераклигини билдирди.

Шунингдек, қарор лойиҳасида солиқ органларининг мансабдор шахсларига (Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор қилган ҳолда) улгуржи ва чакана савдода, умумий овқатланиш ва пулли хизматлар кўрсатиш соҳасида савдо ва нақд тушумни топшириш қоидаларига риоя қилиниши юзасидан сайёр солиқ текширувларини амалга ошириш ҳуқуқи берилиши назарда тутилган.

Бироқ қонунчиликда бундай текширувлар етарлича асослар мавжуд бўлганда амалга оширилиши белгилангани боис “қонунчиликда белгиланган тартибда” сўзларини киритиш таклиф қилинган.

Шунингдек, лойиҳада бозорларнинг тушумлари камайган ҳолларда бозорларда ҳамда нақд пул тушуми тўлиқ тушишини таъминлаш мақсадида савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида сайёр солиқ текширувлари ўтказилиши назарда тутилмоқда.

Бироқ қонунчиликка кўра, янги ташкил этиладиган деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари устав капиталида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мажбурий иштироки бекор қилинган. Шу сабабли лойиҳанинг бу банди чиқариб ташланиши таклиф қилинди.

Аввалроқ, ССП фермерларнинг бўшаган ерларини аҳоли ижарага олиши назарда тутилган қарор лойиҳасига қарши позиция билдирганди.

Top