Ўзбекистон | 10:19 / 28.09.2021
1336
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёдаги мактабда икки томонлама шартнома асосида тадбиркорга мини стадион қуришга рухсат берилмади

Ижтимоий тармоқларда Китоб туманидаги 41-сонли мактаб филиали биноси ва спорт майдончаси таъмирталаб ҳолатда экани, туман ХТБ мактабда замонавий мини стадион қуришга рухсат бермагани айтилган хабарлар тарқалди. Туман Халқ таълими бўлими ҳолат бўйича муносабат билдирди.

Муносабатда маълум қилинишича, Китоб тумани «Қорабулоқ» МФЙда жойлашган 41-мактаб филиали ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларда айтилгандек таъмирталаб аҳволга келган.

Қайд этилишича, мазкур филиалдаги спорт майдончаси ҳам талабларга жавоб бермаган. Шундан келиб чиқиб, маҳаллий аҳолининг талаби билан мактаб маъмурияти шу ерлик тадбиркор билан сунъий қопламали замонавий спорт майдончаси қилиш учун икки томонлама шартнома тузган. Тадбиркор август ойида қурилиш ишларини бошлаган.

Аммо туман Халқ таълими бўлими масъуллари ва архитектура ходимлари ушбу қурилиш лойиҳасини ўрганишган ва бу ернинг лойиҳа талабларига мос келмаслиги сабабли қурилиш ишларини тўхтатиб қўйишган. Шундан сўнг мактаб раҳбариятига футбол майдонини тартибга келтириш ва у ердан ортиқча ашёларни олиб чиқиш вазифаси юклатилган.

Kun.uz 41-мактабда хароб аҳволда бўлган спорт майдончаси ўрнида сунъий қопламали замонавий стадион қуриш лойиҳасида нима камчилик бўлганини билиш учун Китоб тумани ХТБ мудири А.Авлоев билан боғланди. Унинг айтишича, тадбиркор томонидан мактабда сунъий қопламали замонавий стадион қурилиши қувонарли ҳолат. Аммо 41-мактабда тадбиркор стадион қурилишини ўринсиз жойда бошлаган. Тадбиркорга бошқа жой кўрсатилганда у рад этган. Шу сабабли қурилиш тўхтатилган.

 

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид