Жамият | 20:47 / 29.09.2021
13896
2 дақиқада ўқилади

Аҳоли энергия манбаларини тежаб ишлатишга чақирилмоқда

Ўзбекистондаги ҳар бир хонадон бир йилда 400 кВт/соат, республика бўйича эса 2,8 млрд кВт/соат электр энергияни тежаш мумкин. Энергетика вазирлиги аҳолини тежамкорликка чақирувчи видеоролик эълон қилди.

Статистик маълумотларга кўра, дунёда энергия истеъмолининг 23 фоизи хусусий турар жой фондига тўғри келса, Ўзбекистонда бу рақам 40 фоизни ташкил этмоқда. Вазирлик Ахборот хизмати раҳбари Сабина Бекмуродованинг маълум қилишича, Европада 1 квадрат метр учун энергия истеъмоли йилига 120-150 кВт/соат бўлса, Ўзбекистонда шу майдон учун кўрсаткич 390 кВт/соатдан ошмоқда. Таъкидланишича, энергиядан самарали фойдаланиш йўлга қўйилмас экан, энергия манбаларини ишлаб чиқариш қанчалик кўпайтирилмасин, ортиб бораётган талабни таъминлаш мушкул вазифа бўлиб қолади.

Мисол учун, бугун аҳоли фаровонлиги ошаётганлиги сабабли ҳар бир хонадонда камида битта телевизор, кир ювиш машинаси, чангюткич, кондиционер каби маиший техникалар бор. Электрон уй жиҳозларидан фойдаланиб бўлгач, розеткадан узиб қўйилмаслиги ҳам энергия сарфига сабаб бўлади.

Биргина оддий телефон қувватлагичини олайлик. У электр розеткасига уланган ҳолда куну тун қолса, ўртача бир ойда 1,5 кВт/соат, йилига 18 кВт/соат энергия сарфлайди. Республика миқёсида ўртача 7 миллион хонадоннинг ҳар бирида биттадан қувватлагич розеткада қолса, бир ойлик ва бир йиллик энергия сарфи қанча бўлишини ҳисоблаш унчалик ҳам қийинчилик туғдирмайди.

Мутахассисларнинг электр энергия тежамкорлигини таъминлаш мақсадида ўтказган ўрганишларидан маълум бўлишича, ҳозирда Ўзбекистондаги ҳар бир хонадонда (ўртача 7 миллион хонадон электр таъминотига уланган) бир йилда ўртача битта хонадон 400 кВт/соатгача электр энергиясини тежаш имконияти бор. Бу кўрсаткич республика бўйича ўртача 2,8 миллиард кВт/соатга айланади.

2,8 млрд кВт/соат тежалган электр энергияси ўртача бир вилоятни бир йил мобайнида узлуксиз электр энергия билан таъминлаш имконини беради.

Мавзуга оид