Жамият | 20:25 / 29.09.2021
11465
3 дақиқада ўқилади

Андижонда бир судя икки марта ҳақоратга учради

Фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судининг судяси ўз вазифасини бажариш жараёнида икки марта оғир ҳақоратга учраган. Ҳар икки ҳолатда ҳам ҳақорат қилганлар жиноий жавобгарликка тортилган.

Фото: Getty Images

Судялар олий кенгаши матбуот котиби Турсунали Акбаров икки воқеа тафсилотларини Kun.uz'га маълум қилди.

Биринчи ҳолат

У.А. 2020 йил 6 ноябрь куни фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судига келиб, судя Ғ.Обидиновнинг иш юритувидаги алимент масаласида киритилган даъво аризаси юзасидан ўз хизмат бурчини бажараётган вақтда унинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаб ҳақорат қилади.

Хусусан, 2020 йил 3 август куни Андижон туманлараро судига даъвогар Ф.И.нинг жавобгар С.Т.га нисбатан бир нафар фарзандига оталикни белгилаш ва алимент ундириш ҳақидаги даъво аризаси келиб тушади. Иш юзасидан ўтказилган суд мажлисида тарафлар ДНК экспертизаси ўтказишни сўрайди. Экспертиза тайинлаш жараёнида жавобгар С.Т.нинг онаси У.А. судга келиб судя Ғ.Обидиновни куракда турмас сўзлар билан ҳақорат қилади. Бунинг оқибатида У.А.га нисбатан жиноят иши қўзғатилади.

Жиноят иши жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судида кўриб чиқилиб, якунда суднинг 2021 йил 7 январдаги ҳукми билан У.А. ЖКнинг 140-моддаси 3-қисми “а” банди (жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда ҳақорат қилиш)да назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан БҲМнинг 6 баравари миқдорида (1 млн 338 минг сўм) жарима жазоси тайинланади.

Иккинчи ҳолат

Фуқаролик ишида тарафлардан бири бўлган Ф.Х. 2021 йил 19 апрел куни фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро суди суд мажлиси залида иш бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарори судя Ғ.Обидинов томонидан ўқиб эшиттирилгандан сўнг норози бўлиб, хизмат бурчини бажараётган судянинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаб, уни ҳақорат қилади.

Ушбу ҳолат бўйича ҳам жиноят иши қўзғатилиб, иш судда кўриб чиқилади. ЖИБ Андижон шаҳар судининг 2021 йил 14 июлдаги ҳукми билан Ф.Х. 140-моддаси 3-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан сутканинг соат 21:00 дан 6:00 га қадар бўлган вақтда яшаш жойидан чиқишни чеклашдан иборат 1 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланади.

Шунингдек, судланувчига

– маҳкумни назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик;

– спиртли ва гиёҳванд моддалари истеъмол қилмасликдан иборат қўшимча тақиқлар белгиланади.

Аббос Салайдинов
Тайёрлаган Аббос Салайдинов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид