Ўзбекистон | 12:30 / 29.09.2021
5717
2 дақиқада ўқилади

Танзила Норбоева: «Қашқадарё вилоятининг қатор ҳудудларида депутатлар рухсатисиз 10 млрд сўмга яқин маблағ ишлатиб юборилган»

Сенат раиси Танзила Норбоева ялпи мажлис давомида давлат бюджетининг 2021 йил биринчи ярим йиллик якунлари бўйича мулоҳазаларини билдирди. 

Қайд этилишича, маҳаллий бюджетларда шаклланган қўшимча манбалардан фойдаланишда қатор камчиликларга йўл қўйилмоқда.

“Ушбу маблағларни ишлатишда маҳаллий кенгашлар ҳал қилувчи вазифани бажаради. Бироқ улар бунга талаб даражасида қарамаяпти. Биргина Қашқадарё вилоятининг Ғузор, Миришкор, Касби, Чироқчи туманлари ва Қарши шаҳрида маҳаллий кенгашларда муҳокама қилинмасдан, депутатларнинг рухсатисиз 10 млрд сўмга яқин маблағ ишлатиб юборилган”, деди Сенат раиси. 

Билдирилишича, маҳаллий кенгашлар вакиллари, бюджет бўйича доимий комиссия аъзолари, котибиятлар бу борада масъулиятни оширишлари лозим.

“Умуман, бундай ҳолатларни бошқа ҳудудлар мисолида ҳам келтириш мумкин. Маҳаллий Кенгашлар қонун билан ўзларига берилган ваколатларни чуқур англаб, амалда самарали фойдаланган ҳолда талабчанликни оширмас эканлар бу каби муаммолар камаймайди. Шу жиҳатдан, маҳаллий Кенгашлар вакиллари, айниқса, бюджет бўйича доимий комиссия аъзолари, шу жумладан, котибиятлар бу борада масъулиятни оширишлари лозим”, деди Танзила Норбоева.

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид