Ўзбекистон | 20:00 / 29.09.2021
10594
6 дақиқада ўқилади

«Яшил иқтисодиёт», экологик муаммолар, АЭС ва сайлов — президентликка энг сирли номзод Нарзулло Обломуродов билан суҳбат

24 октябрь куни Ўзбекистонда президентлик сайлови бўлиб ўтади. Айни кунларда сайловда иштирок этадиган бешта сиёсий партия етакчилари аҳоли орасида ўз тарғибот тадбирларини ўтказмоқда.

Kun.uz президентликка номзод сиёсатчилар билан сайловчиларни қизиқтирган қатор масалалар бўйича интервьюлар уюштирмоқда. Туркум доирасида навбатдаги меҳмонимиз – Ўзбекистон Экологик партиясидан президентликка номзод Нарзулло Обломуродов бўлди.

— Ўзбекистонда президентликка 5 номзод бор ва улар орасида энг сирли, нотаниш номзод сизсиз. Бу сирлилик билан сайловда қандайдир катта натижага эриша оламан деб ўйлайсизми?

— Тўғри айтдингиз, мен сиёсат оламида ҳали янги инсонман. Экологик партия ташкил топганига ҳам тарихан олганда кўп вақт бўлмади – 2,5 йил. Ўйлашимча, бу йилги сайловлар бизга камчиликларимизни тўғрилаш, партия дастури ва номзодини халққа танитиш имкониятини беради.

— Шавкат Мирзиёевнинг бу сайловда амалдаги президент сифатида имкониятлари катта. У шунга қарамай сайловолди тарғибот, ташвиқот тадбирлари доирасида сайловчилар билан ҳар куни учрашяпти. Лекин сизда бу каби фаолликни сезмаяпмиз. Ғолиб бўлиш истагингиз бўлса, Мирзиёевдан икки баробар фаол бўлишингиз керак эмасмиди?

— Сайлов янги партия учун катта синов. Ҳозир биз омма билан ишлаш ишларини кучайтиришга ҳаракат бошлаганмиз. Бизнинг сайловчилар билан учрашувларимиз эртага бошланади (таҳр. – суҳбат 24 сентябрь куни ёзиб олинган) ва кун сайин ошиб боради. Ўйлашимча, жамоатчилик ҳам бу борадаги ўзгаришларни яқин кунларда сезади.

— Мутахассислигингизга қарасак сиз иқтисодчисиз. Аввал Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида бакалавр ва кейинчалик Англияда Бирмингем университети магистратурасида таҳсил олгансиз. Биз учун қизиқ, нега иқтисодчи инсонни Экологик партия етакчилигига танлашди?

— Биласизми, ҳаёт доим янги имкониятлар беради. Улуғ устозлар айтган гап ҳам бор: Ҳаёт бермаса таълим, унга ўргатолмас ҳеч бир муаллим. Мен бошқа иқтисодчи бўлсам ҳам, экологик соҳага яқин йўналишларда ишлаганман. Ўйлашимча, мени партияга келишим нафақат мен учун, балки партия учун ҳам янги имкониятлар эшигини очиб беряпти. Мен ва жамоам шунингдек, жараён давомида ҳам кўп нарса ўрганяпмиз.

Биз «яшил иқтисодиёт» ҳақида гапиряпмиз. Яъни экологияни иқтисодиётсиз, иқтисодни эса экологиясиз тасаввур қилиб бўлмайди. Экологик соҳада янги ташаббуслар учун ҳам албатта маблағ керак.

— Сиз яқин вақтгача ҳам президент администрациясида фаолият олиб боргансиз. Ва президент Шавкат Мирзиёев иш жараёнида тўғридан тўғри раҳбарингиз бўлган. Бу фаолиятда ундан «Содиқ хизматлари учун» медалини ҳам олгансиз. Ҳозир номзод сифатида унинг раҳбарлик таъсиридан қанчалик чиқиб кетолгансиз?

— Очиғини айтишим керак, ўша идорада ишлаган 3-4 йиллик даврим мен учун жуда катта ҳаёт мактаби бўлди. Бунда аксарият вақтимни ҳудудларда, бўлганда ҳам оғир ҳудудларда ўтказганман. Бунда «Обод маҳалла», «Обод қишлоқ» каби дастурларда бевосита ишлаб, тажриба оширдим.

Сайловлар эса сиёсий жараён. Мен мамлакатда қонуний рўйхатдан ўтган беш сиёсий партиялардан бирининг раҳбари сифатида майдонга кирдим. Бу биз учун катта имконият ва тажриба бўлади.

Мамлакатимизда ҳозир шундай очиқлик, шундай ошкоралик муҳити бўлдики, бизга кўпчилик хорижий экспертлар ҳам ҳавас қилиши мумкин. Бизга ташқаридан ҳеч қандай таъсир бўлиши мумкин эмас.

— Иқтисодиёти унчалик кучли бўлмаган бир давлат бугун «Яшил иқтисодиёт»га ўтишга қанчалик тайёр? Чунки бу ғоя ҳам иқтисодиёт учун маълум тебранишлар дегани.

— Тўғри айтяпсиз, «Яшил иқтисодиёт» — бу келажак иқтисодиёти. У кўп янги билим ва технологияларни талаб этади. Биз ҳозирдан бу йўналишда жиддий ўйлаб, жиддий қадамларни қўйишимиз керак. Албатта, бу бир кунда бўлмайди.

Биз катта лойиҳаларнинг экологик оқибатларини пухта ўйлаган ҳолда амалга оширишимиз керак. Шунингдек, «Яшил иқтисодиёт»нинг босқичларига ҳам алоҳида эътибор қаратишимиз керак.

— Яшил иқтисодиёт, экология ҳимояси деймиз-у, бугун одамларда экологик маданият даражаси оғир аҳволда.

— Тўғри. Бугун Ўзбекистондаги кўплаб экологик муаммолар, дарахтларнинг кесилиши, чиқинди ёки бошқа муаммолар дейсизми, ҳаммасининг илдизида экологик тарбия, маданият масаласи ётибди.

Агар биз оилада ва мактабда мана шу тарбияни бера олсак, муаммоларнинг кўпчилиги ечилган бўларди.

— Бу ерда тўғри қонунчилик ва назорат масаласи ҳам бор.

— Албатта, бу ҳам бор. Биз сайловолди дастуримизда бунга алоҳида эътибор берганмиз. Умуман экологик муаммолар бирор бир давлат идораси, ҳокимият ёки партиянинг масаласи бўлиши керак эмас.

У ҳамманики, жамиятники ва умуман умуммиллий ҳаракат бўлиши керак.

— Ўзбекистонликлар мамлакатда АЭС қурилишига катта хавф сифатида қарайди. Чунки улар Чернобилдаги ёки Япониянинг «Фукисима» ядровий иншоотидаги фалокатни, унинг даҳшатли оқибатларини ҳали унутганича йўқ. Унутиб бўлмайди ҳам.

Сиз «яшиллар» партияси етакчиси сифатида мамлакатда қурилиши режаланаётган АЭС борасида қандай фикр билдирасиз?

— Албатта, бу жиддий масала. Экологик нуқтайи назардан биз йирик лойиҳани пухта ва мукаммал экспертизадан ўтказиш тарафдоримиз. Бу қўшимча куч ва экспертларни талаб қилади. Биз бу лойиҳанинг экологик оқибатларини инобатга олган ҳолда жамоатчилик иштирокида, халқаро экспертлар экспертизасидан ўтказиш тарафдоримиз.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин. Унда президентликка номзод Нарзулло Обломуродовнинг мамлакатда илдиз отган коррупция, олий таълим тизими муаммолари, иқлим мигрантлари масаласи ва президентликка ўзидан бошқа номзодлар ҳақидаги фикрлари билан танишишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси —Муҳиддин Нидо.

Мавзуга оид