Жаҳон | 19:58 / 30.09.2021
12809
5 дақиқада ўқилади

Эквадор қамоқхонасидаги жанг: 100дан ортиқ қурбон, айримларнинг боши кесилган

Эквадорнинг Гуаякиль шаҳрида жойлашган Литорал қамоқхонасига тўрт юз нафар полициячи кирди, бу ерда сешанба куни маҳбуслар ўртасида ҳақиқий жанг бошланган. Ўзаро душман гуруҳлар ўртасидаги тўқнашувларда камида 116 киши ҳалок бўлди, юзга яқин киши жароҳатланди. Расмий шахсларнинг маълумотларига кўра, бу мамлакат жазони ижро этиш муассасалари тарихида энг қонли муштлашув бўлди.

Фото: AFP

Сешанба куни бошланган тўқнашувларда камида беш нафар маҳбуснинг боши танасидан жудо этилган. Яна бир неча киши ўқотар қуролдан ҳалок бўлган.

Литорал қамоқхонасида Мексика наркокартеллари билан алоқада бўлган Эквадор бандаси аъзолари сақланади. Бу мамлакатдаги энг хавфли қамоқхона сифатида маълум.

Полиция бошлиғи Фаусто Буэнаньонинг тасдиқлашича, маҳбусларда гранаталар ҳам бўлган. Қамоқхонада назорат ўрнатиш учун 400 нафар полициячи ҳудудга олиб кирилган.

Маҳаллий нашрлар хабарига кўра, ушбу тартибсизликлар айни вақтда Эквадорда ҳаракатланаётган мексикалик наркофурушларнинг йирик гуруҳи томонидан қўзғалган.

Эквадор қамоқхоналар хизмати директори Боливар Гарсон маҳаллий радиога берган интервьюсида вазиятни "қўрқинчли" деб баҳолаган.

"Кеча маҳаллий вақт билан соат 14:00да полиция назоратни қўлга олди, аммо кечқурун яна отишмалар ва портлашлар бошланиб кетди. Бугун тонгда биз яна вазиятни тўлиқ назорат қила бошладик. Биз зиддият рўй берган жойларни текширишни бошладик ва янгидан янги жасадларга дуч келдик", деган у.

Гарсоннинг сўзларига кўра, сешанбадан чоршанбага ўтар кечаси отишмалар бошланган ва полиция тартиб ўрнатиб, қамоқхона қанотларини текшириб чиққанида кўплаб жасадлар аниқланган ва жами қурбонлар сони 116тага етган.

Отишма портлашлар давом этаётгани ҳақидаги хабарлардан сўнг пайшанба куни тонгида тўрт юз нафар полициячи яна қамоқхонага юборилган.

Литорал қамоқхонасидаги исён - турмадаги назорат учун ўзаро курашувчи гуруҳлар иштирокидаги навбатдаги ҳодиса бўлди. Февраль ойида ҳам шу каби тўқнашувлар оқибатида 79 нафар маҳбус ҳалок бўлганди.

Қамоқхонада нималар бўлиб ўтди?
Буэнаньонинг сўзларига кўра, қамоқхона қанотларидан биридаги маҳбуслар ёриқ орқали бошқа қанотга ўтишган ва рақиб гуруҳ вакилларига ҳужум қилишган.

Қурбонлар ҳақидаги маълумотлар жуда ноаниқ, айрим ҳолатларда жасадлар майдалаб ташланган ёки ёқиб юборилган, ҳалок бўлганларнинг шахсини аниқлаш учун бир неча кун кетиши мумкин.

Полиция қамоқхонадаги муштлашувлар рўй берган қанотлардан бирида қолиб кетган олти нафар ошпаз билан боғланишга эришган ва улар хавфсиз жойга кўчирилган.

Президент Гильермо Лассо Эквадор жазони ижро этиш муассасалари тизимида фавқулодда ҳолат жорий этган.

Ким ким билан курашмоқда?
Фақат икки нафар полициячи жароҳатлангани ва маҳбуслар орасидаги қурбонлар сони 100дан ошгани ҳақидаги факт шуни кўрсатадики, бу қамоқхонадаги исённи бостириш эмас, айнан маҳбуслар ўртасидаги урушдир.

Литорал қамоқхонасида Мексиканинг қудратли Синалоа наркокартели билан яқин алоқада бўлган эквадорликларнинг "Лос-Чонерос" гуруҳи вакиллари сақланади.

Аммо мексикаликларнинг бошқа бир жиноий гуруҳи, "Халиско - Янги авлод" картели ҳам Эквадордаги гуруҳлар билан иттифоқ тузишга ҳаракат қилади - бу орқали улар Эквадордан Марказий Америкага олиб борувчи наркотик моддалар контрабандаси маршрути устидан назоратни Синалоадан тортиб олишни мақсад қилишган.

Литорал қамоқхонасида бошлар олиниши ва бошқа шафқатсиз ҳаракатлар - мексикаликлар картелларига хос, улар одатда ўз рақибларини имкон қадар шафқатсиз усулларда ўлдиришади - бошқа рақибларни қўрқитиш учун.

Июль ойида президент Лассо Эквадор қамоқхоналар тизими ўз сиғимидан 30 фоиз ошиқроққа тўлганини маълум қилганди. У камераларни бўшатиш учун ўз муддатининг катта қисмини ўтаб бўлган ёки майда жиноятлар билан қамалган маҳбусларни муддатидан олдин озод этиш жараёнини тезлаштириш режасини эълон қилганди.

Нега бундай бўлмоқда?
Литорал қамоқхонасидаги тўқнашув - Эквадор жазони ижро этиш муассасалари тизимидаги энг қонли муштлашувлар бўлди, аммо биринчиси эмас. Февралда мамлакатдаги тўрт қамоқхонада, жумладан Литоралда бир вақтнинг ўзида рўй берган тартибсизликлар чоғида жами 79 нафар маҳбус ҳалок бўлганди.

Эквадор қамоқхона хизмати раҳбари Карсоннинг сўзларига кўра, муаммолардан бири шундаки, маҳбуслар яхши қуролланган. Қамоқхонага кўп миқдорда қуроллар кириб келади, аммо полициячилар тинтув вақтида уларнинг бир қисминигина тўхтатиб қола олишади.

Эквадор қамоқхоналарида зўравонликлар ортишининг бир қанча сабаблари бор. Биринчидан, Эквадор орқали қўшни Перу ва Колумбиядан кокаин оқими транзити ўтади. Иккинчидан, Мексика картеллари Эквадорда катта таъсирга эга ва маҳаллий бандалар билан иттифоқлар тузишган. Ва ниҳоят, маҳбуслар сони кўплиги ва қамоқхоналарни қўриқловчи соқчилар етишмаслиги ҳам вазиятни оғирлаштиради.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид