Ўзбекистон | 16:07 / 16.04.2025
6978
2 дақиқада ўқилади

«Андижон турмаси» шаҳар ташқарисига кўчирилади — президент

Шавкат Мирзиёев Андижон марказида 100 йил олдин қурилган бундай «совуқ» бино – тергов ҳибсхонаси шаҳар чеккасига кўчирилиши, ўрнида замонавий савдо ва сервис маркази барпо этилишини маълум қилди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятини комплекс ривожлантириш бўйича устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди. Йиғилишда Андижон шаҳрини вилоятнинг 8 та ҳудуди билан боғловчи жамоат транспорти мавжуд эмаслиги қайд этилди.

«Кунига 80 минг аҳоли вилоят марказига 20 мингга яқин енгил транспортда келишга мажбур бўляпти. Тиғиз пайтда Андижон шаҳридаги тирбандлик 7-8 баллга чиқиб кетмоқда. Ваҳоланки, 1 та кичик автобус кунига камида 400 нафар аҳолига хизмат кўрсатиб, 25 та енгил машинани ўрнини босади», дейилади президент матбуот хизмати хабарида

Мутасаддиларга тадбиркорлар билан учрашиб, янги маршрутлар ва вилоят шароитига мос автобус русумларини аниқлаб, таклиф бериш топширилди. Шунингдек, давлат раҳбари Андижон шаҳри бўйича яна бир ташаббусни айтди.

«Шаҳар марказида «Андижон турмаси» номи билан танилган 3-сон тергов ҳибсхонаси жойлашган. Кундан кунга шаҳар кўркига кўрк қўшилиб турган вақтда 100 йил олдин қурилган бундай «совуқ» бинонинг марказда бўлиши нотўғри экани қайд этилди».

Шу боис бу объект шаҳар чеккасига кўчирилиши, ўрнида замонавий кўнгилочар савдо ва сервис маркази барпо этилиши белгиланди.

Мавзуга оид