Жамият | 11:00 / 08.10.2021
2034
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд вилоятида 421 минг 884 киши пенсия ва нафақа олиши маълум қилинди

Фото: Telegram /e_turdimov

Самарқанд вилоятида 421 минг 884 киши пенсия ва нафақа олади. Бу ҳақда Халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдаги сессиясида Пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси бошлиғи А.Неъматов маълум қилган.

Қайд этилишича, бугун, 8 октябрь куни Халқ депутатлари Самарқанд вилоят кенгашининг навбатдаги сессияси ўтказилган. Сессияда бир қатор масалалар билан бирга Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси бошлиғи А.Неъматовнинг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунининг ижроси юзасидан ҳисоботи тингланган.

А.Неъматов томонидан берилган маълумотга кўра, бугунги кунда Самарқанд вилоятида 421 минг 884 нафар киши пенсия ва нафақа олади. Уларга 1 ойда 370,9 миллиард сўм пул тўланади.

Фото: Telegram /e_turdimov

Маълумот учун, Ўзбекистонда жорий йил 1 сентябрдан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдори 1,1 баробарга оширилганди. Шунингдек, базавий ҳисоблаш миқдори ҳам 10 фоизга ошган.

Эслатиб ўтамиз, Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йил 1 январ ҳолатига Ўзбекистонда 4 миллион нафардан ошиқ одам пенсия ва нафақа олади.

Мавзуга оид