Жаҳон | 15:09 / 09.10.2021
11665
2 дақиқада ўқилади

Балхда юқори синф ўқувчи қизлари ҳам мактабларга қайтди

Афғонистоннинг Балх вилоятида юқори синф қизларининг ҳам мактабга боришига рухсат берилди. Маҳаллий нашрларга кўра, эндиликда 6 ва ундан юқори синфда ўқийдиган қизлар ҳам тўсиқларсиз ўқишади.

Фото: TOLOnews

Ҳозирги вақтга қадар асосан Кобул ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларидаги қизлар фақат 1-дан 6-синфгача ўқиб келаётганди.

«Қайсидир маънода ишончимиз мустаҳкамланди, ўқувчилар сони ҳам ортиб бормоқда, энди эса ўқув жараёни яхшиланди. Ҳозирда барчаси зўр, деб айтиш тўғри бўлмайди, аммо биз мамлакатдаги вазиятга назар ташласак, бу албатта, яхши ва бизни қониқтиради», – дея мактаб ўқувчи қизларидан бирининг сўзларини келтирмоқда Tolo news нашри.

Балх вилояти таълим бўлими статистикаси маълумотларига кўра, вилоятда 600 дан ортиқ эркак ва аёллар мактаблари бор. Таълим даргоҳларида 500 000 дан ортиқ ўқувчилар таҳсил олади, уларнинг ярми қизлар. Шунингдек, Балх вилояти таълим бошқармаси расмийлари ҳам маҳаллий аҳолини фарзандларини мактабга беришга чорламоқда.

«Биз барча оилалар фарзандларини порлоқ келажак учун мактабга беришларини хоҳлаймиз, чунки фаровон келажак ва соғлом жамият учун билимли авлод керак», – дейди Мозори Шариф таълим бўлими бошлиғи Муҳаммад Наим Балхи.

Аввалроқ, «Толибон»нинг ахборот ва маданият вазири ўринбосари Забиҳулла Мужоҳид Афғонистон ислом амирлиги мансабдорлари синфларни қандай бўлиш ҳамда мактабларда қизлар учун ўқитувчиларни қандай тақсимлаш устида иш олиб борилаётганини ҳамда қизлар яқин вақт ичида мактабларга қайтишини билдирган эди.

Мавзуга оид