Ўзбекистон | 08:24 / 09.10.2021
10614
3 дақиқада ўқилади

Халқ таълими вазирлиги ўз жонига қасд қилишга мойил қизлар рўйхатини шакллантиради 

Фото: The Guardian

Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарорни қабул қилди.

Ўзгартириш ва қўшимчалар қуйидаги ҳужжатларга киритилади:

  • Халқ таълими вазирлиги тўғрисида низом;
  • Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармаси бўлинмалари томонидан қўриқланадиган объектлар рўйхати;
  • Маҳалла ва оилани қўллаб- қувватлаш вазирлиги тўғрисидаги низом;
  • “Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ВМҚ;
  • Ўзбекистонда 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом;
  • Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси тўғрисидаги низом;
  • “Моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларни, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ВМҚ.

Халқ таълими вазирлиги даволанишга ва соғломлаштиришга муҳтож бўлган болаларнинг ижтимоий кафолатларини таъминлаш, уларнинг таълим-тарбия олишлари учун мослашув муҳитини яратиш мақсадида энди, шунингдек:

  • ўз жонига қасд қилишга мойил қизлар ва руҳиятида ўзгариш кузатилган ўқувчи қизлар рўйхатини шакллантириш, уларга тиббий ва психологик кўмак кўрсатиш бўйича манзилли ишларни ташкил этади;
  • аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш бўйича республика, ҳудудий ва туманлараро намунали марказларига жойлаштирилган аёлларнинг вояга етмаган фарзандларини энг яқин ҳудуддаги умумий ўрта таълим муассасаларига вақтинча жойлаштириш чораларини кўради.

Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш бўйича республика, ҳудудий ва туманлараро намунали марказлари Миллий гвардиясининг қўриқлаш хизмати бўлинмалари томонидан қўриқланадиган объектлар рўйхатига киритилди.

“Маҳалла ва оила” ИТИнинг асосий вазифалари кенгайтирилди. Хусусан, бошқалар қаторида, институт оилавий зўравонликнинг келиб чиқиш омиллари ва сабабларини чуқур ўрганишни амалга оширади. Шунингдек, унинг асосий вазифалари жумласида: оилаларда соғлом муҳитни шакллантириш, зўравонликка учраган ёки ўз жонига суиқасд қилган ёхуд ўз жонига қасд қилишга мойил бўлган хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича таҳлилий материаллар ва илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқиш.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид