Жаҳон | 00:31 / 11.10.2021
13207
2 дақиқада ўқилади

Америкалик олим коронавирус пайдо бўлишининг янги версиясини илгари сурди

Фото: AP

Bioscience Resource Project компанияси ижрочи директори Жонатан Латэмнинг фикрича, коронавирус даставвал 2012 йилда хитойлик кончининг танасида эволюция қилган бўлиши мумкин. Бу ҳақда The Daily Telegraph нашри маълум қилди.

Латэм, шунингдек, вирус инсон организмида узоқ вақт қолиб, кўп марта ўзгариши мумкинлигини таъкидлаб ўтган.

“Бир кончи танасида Sars-Cov-2 вируси пайдо бўлишига олиб келган юзлаб мутациялар юз берган. Ўнлаб йиллар вақт оладиган ривожланиш тахминан 6 ой вақт олган. Тахминимизга кўра, худди шундай ҳолат 2012 йилда номаълум касалликдан кейин кончилар ўпкасида юз берган. Вирус эса (Уҳандаги лабораториядан) ушбу кончилардан олинган тиббий намуна сабабли ташқарига чиқиб кетган”, деб келтирган Латэм сўзларини нашр.

Таъкидланишича, 2012 йилда 6 нафар кончи Уҳандан 1500 км олисда жойлашган Моцзян уездидаги ташландиқ мис конига у ерни кўршапалаклар нажасидан тозалаш учун тушган. Шундан кейин уларнинг барчаси оғир касалликка учраб, уларда COVID-19’даги каби аломатлар – иситма, йўтал, ўпка яллиғланиши кузатилган. Оқибатда кончилардан 3 нафари вафот этган.

Кейинроқ Уҳан вирусология институти олимлари ҳам ушбу конга келиб, у ердаги сичқонлар ташиши мумкин бўлган касалликларни ўрганиш мақсадида кемирувчилардан намуна олишган. Умумий ҳисобда 2012 йилдан 2015 йилгача ушбу конда ва унинг атрофидаги ҳудудлардан 300 га яқин коронавирус аниқланган. Улар орасида RaTG13 деб номланган коронавирус бўлган ва унинг геном кетма-кетлиги SARS-CoV-2’никига 96,2 фоиз ўхшаш бўлган. Бу эса уни COVID-19 қўзғатувчисининг энг яқин “аждоди” қилади. RaTG13 ва SARS-CoV-2 тузилиши бўйича бир-бирига жуда ўхшаш, бироқ RaTG13 инсон ҳужайраларига яхши кира олмайди.

Мавзуга оид