Ўзбекистон | 08:35 / 11.10.2021
7806
2 дақиқада ўқилади

Ободонлаштириш бошқармаси ходимларидан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мажбурий тарзда аъзолик бадали ундирилаётгани айтилди

Фото: KUN.UZ

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида ободонлаштириш бошқармаси ходимларидан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мажбурий тарзда аъзолик бадали ундирилаётгани айтилди. Мазкур хабар юзасидан туман ҳокимлиги ахборот хизмати муносабат билдирди.

Муносабатда маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар мутлақо асоссиз. Туман ободонлаштириш бошқармаси ходимлари ва раҳбарияти мазкур хабарни тарқатишда иштирок этмаган ва ушбу хабардан мутлақо бехабар.

Қайд этилишича, бугунги кунда туман ободонлаштириш бошқармасининг мавжуд 362 нафар ходимидан 139 нафари ёзма розилигига асосан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига аъзоликка қабул қилинган. Аъзолик бадалларини тўлаш бўйича уларга ҳеч кандай талаблар қўйилмаган. Аъзолик бадаллари ходимларнинг хоҳишига биноан тўлаб борилган.

Таъкидланишича, жорий йил 30 август куни бошқармада туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раҳбарияти томонидан тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилган. Тарғибот-ташвиқот ишларида ишчиларнинг истеъмолчи сифатидаги барча ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатланиши, бунинг учун ихтиёрий равишда жамиятга аъзо бўлиш ва аъзолик бадалини, яъни ойига 6 минг сўмдан тўлаш кераклиги тушунтириб ўтилган.

Тарғибот-ташвиқот ишларидан сўнг туман ободонлаштириш бошқармасининг 139 нафар ходими ўз хоҳишига кўра ёзма ариза билан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига аъзо бўлиш тўғрисида мурожаат қилган.

«Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган мурожаатда айтиб ўтилган «Туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти бошлиғи келиб, ўзаро бошлиқларимиз билан мажлис ўтказиб, ишчилар маошидан ҳар ойда 16 500 сўмдан ўтказиш ҳақида қарор қабул қилишди» қабилидаги гаплари асоссиздир. Бу борада ҳеч қандай ички қарор қабул қилинмаганини маълум қиламиз», дейилади муносабатда.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид