Ўзбекистон | 13:37 / 11.10.2021
5081
2 дақиқада ўқилади

Президент: Қашқадарёда табиий бойликлар кўп бўлишига қарамасдан аҳоли шароити нисбатан пастлигича қолмоқда 

Қашқадарё вилоятида табиий бойликлар, ер ресурслари кўп бўлишига қарамасдан, бу етарлича натижа бергани йўқ, аҳолининг яшаш шароитлари республиканинг бошқа ҳудудларига нисбатан пастлигича қолмоқда. Бу ҳақда президентликка номзод Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

Фото: Миллий масс-медиа фонди

“Қашқадарё тўғрисида ўйлаганимда, бугунги сизлар билан учрашувга тайёргарлик кўрганимда, мени энг кўп қийнаган, безовта қилаётган масала – бу ҳудуд аҳолисига муносиб ҳаёт, тўкин дастурхон ва доимий даромад манбаларини таъминлаб бериш.

Афсуски, вилоятда табиий бойликлар, ер ресурслари кўп бўлишига қарамасдан, бу етарлича натижа бергани йўқ, аҳолининг яшаш шароитлари республиканинг бошқа ҳудудларига нисбатан пастлигича қолмоқда.

Бу муаммоларга ечим топишда давлат идоралари, мутасадди раҳбарлар томонидан ҳалигача тизимли иш олиб борилаётгани йўқ. Вилоятда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича муҳит тўлиқ шаклланмаган.

Шу боис, бугунги кунда вилоятда 150 мингдан зиёд аҳоли ишсиз. Келгуси беш йилда 280 мингга яқин ёшлар меҳнат бозорига кириб келиши ҳам иш ўринларига эҳтиёжни оширади. 

Шунинг учун, бугун сизлар билан келгусида Қашқадарё вилояти ривожига кучли туртки бериш, бу ерда яшаётган аҳолига муносиб иш ўринлари ва турмуш шароитини яратиб бериш бўйича энг муҳим вазифалар ҳақида фикрлашиб олсак, ўйлайманки, мақсадга мувофиқ бўлади. 

Шу мақсадда тайёрланган беш йиллик дастуримизнинг энг асосий мақсади 400 мингта иш ўрни яратишга қаратилади. Бу борада, энг аввало, тадбиркорлик муҳитини шакллантириш ва бизнесни қўллаб-қувватлаш керак. Бунинг учун, йирик корхоналар инфратузилмаси ва салоҳиятидан самарали фойдаланишимиз шарт”, деди президентликка номзод.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид