21:26 / 12.10.2021
4384

Норвегия бош вазири ва ҳукумати истеъфога чиқишини эълон қилди

2013 йилдан бери Норвегия бош вазири лавозимини эгаллаб келган Эрна Сульберг парламент сайловларидаги мағлубиятдан кейин ўз раҳбарлиги остидаги ҳукумат истеъфога чиқиши ҳақида мамлакат қироли Харальд V’га маълум қилди. 

Эрна Сульберг / Фото: EPA

Консерватив партия етакчиси бўлган Сульберг бу ҳақда парламент аъзоларини ҳам хабардор қилган. У, шунингдек, қиролга сайловларда ғалаба қозонган Ишчи партия етакчиси Йонас Гар Стёредан янги ҳукуматни шакллантиришни сўрашни тавсия қилган. 

Сульберг ва унинг раҳбарлиги остидаги вазирлар янги ҳукумат ишлашга тайёр бўлмагунча мамлакатни бошқариб туради.

Норвегияда сентябрда ўтган парламент сайловлари натижаларига кўра Ишчи партия, Центристлар партияси ва социалистлар парламентда кўпчилик ўрин олган. Бироқ ушбу партиялар ўзаро зиддиятларни енгиб ўтиб, кўпчилик ҳукуматини шакллантира олишмаган. Шундан кейин Ишчи партия ва центристлар озчилик ҳукуматини шакллантиришга рози бўлган. 14 октябрда Норвегия ҳукуматида асосий вазирлик лавозимларини кимлар эгаллаши маълум бўлади. Янги ҳукумат ўзи таклиф қиладиган ҳар қандай таклиф бўйича парламент билан музокаралар олиб боришига тўғри келади.

Норвегияда қирол ҳокимиятнинг бир ҳукуматдан иккинчисига топширилишида муҳим роль ўйнайди. Истеъфога кетаётган бош вазир қиролдан ўз истеъфосини қабул қилишини сўраши керак. Шундан кейин қирол бош вазир билан кейинги ҳукуматга ким бошчилик қилишини муҳокама қилади. Кўпинча бош вазир ўз вориси сифатида парламент сайловларида ютган партия раҳбарини тавсия қилади. Сўнгра қирол у ёки бу сиёсатчидан ҳукуматни шакллантиришни илтимос қилади.

Озчилик ҳукумати Норвегияда одатий ҳол ҳисобланади. Эрна Сульберг бош вазир лавозимидаги 8 йиллик фаолиятининг аксарият қисмини шундай шароитда ўтказган.

Top