Ўзбекистон | 19:24 / 12.10.2021
16543
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг тендерида Akfa Engineering'нинг собиқ раҳбарига тегишли компания ғалаба қозонди

Яккасарой туманидаги 45-уйни реконструкция қилиш бўйича Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан эълон қилинган тендерда Discover Invest компанияси ғалаба қозонган. Бу компаниянинг асосий таъсисчиси – “Akfa Engineering Management” компаниясининг собиқ директори Исмоил Исроилов.

Фото: Яндекс Хариталар

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Яккасарой туманидаги 45-уйни реконструкция қилиб, атрофини ободонлаштириш учун 35,5 млрд сўмлик тендер эълон қилган. Тендерда Discover Invest (Power Construction Planet) компанияси ғалаба қозонган.

Davletovuz каналининг эътибор қаратишича, Discover Invest'нинг 66,9 фоиз улуши Исмоил Исроиловга тегишли. Исроилов, шунингдек, “Телерадиокомпания Zo’r” (31,2 фоиз) ва Kolorpak (25 фоиз) сингари компанияларда ҳам улушга эга.

Аввалроқ Kun.uz Тошкент шаҳридаги давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган бир қанча лойиҳалар Discover Invest'га тендерсиз бериб юборилгани хақида хабар берганди.

Архитектура институтининг учта биносини қуриш (167 млрд сўм), Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Мирзо Улуғбек тумани бўлими биносини қуриш ва жиҳозлаш (17,9 млрд сўм), “Рақамли Тошкент” ситуацион марказини қуриш (100,2 млрд сўм), Зангиота туманида ихтисослаштирилган 2160 ўринли карантин зонасини қуриш (39,2 млрд сўм) лойиҳалари шулар жумласидан.

“Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг 59-моддасига кўра, товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) қиймати бир шартнома бўйича БҲМ (базавий ҳисоблаш миқдори)нинг 25 минг баравари – 6 млрд 750 млн сўмдан ортиқ миқдорни ташкил этганда, давлат хариди тендер ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

Таъсисчилари қаторида Исмоил Исроилов ҳам бўлган “Kolorpak” МЧЖга “UNICON.UZ” ДУКнинг Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги полиграфия цехи биноси тегишли ҳудуди билан биргаликда инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни киритиш шарти билан “ноль” харид қийматида сотилган.

Мавзуга оид