Жамият | 17:21 / 15.10.2021
2334
2 дақиқада ўқилади

Cobalt 19 ёшли велосипедчини уриб кетди. Йигит воқеа жойида ҳалок бўлди

Самарқанд вилояти Нарпай туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида 19 ёшли йигит вафот этган. Cobalt машинаси велосипедда бўлган йигитни уриб юборган. Оқибатда йигит оғир тан жароҳатлари олиб воқеа жойида вафот этган. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар берди.

Фото: Самарқанд вилоят ЙҲХБ ахборот хизмати

Маълум қилинишича, жорий йил 11 октябрь куни соат 17:30ларда давлат аҳамиятига эга бўлган 4Р-56 Оқтош — Чўя автомобил йўлининг Манғит маҳалласи ҳудудидан ўтган 11-километрида одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Навоий шаҳрида яшовчи 1987 йилда туғилган ҳайдовчи М.Ж. ўз бошқарувидаги Cobalt машинаси билан Манғит маҳалласи ҳудудидан ҳаракатланиб бораётиб йўлнинг қатнов қисмида велосипеди билан ётган шу маҳаллада яшовчи 2002 йилда туғилган О.У.ни уриб юборган. Оқибатда О.У. оғир тан жароҳатлари олиб воқеа жойида вафот этган.

Қайд этилишича, мазкур йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан Нарпай тумани ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 226-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Фото: Самарқанд вилоят ЙҲХБ ахборот хизмати

Таъкидланишича, жорий йил 13 октябрь куни Манғит маҳалласида жойлашган 50-мактабда мазкур йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан муҳокама йиғилиши ўтказилган. Йиғилишда Нарпай туман ИИБ ва ЙҲХБ масъуллари, маҳалла аҳли иштирок этган. Йиғилишда мутасаддилар томонидан ҳайдовчиларга йўлларда ҳаракатланишда эътиборли бўлишлари, спиртли ичимлик истеъмол қилганда машина бошқармасликлари, қоидаларни бузмасдан ҳаракатланишлари лозимлиги уқтирилган. Пиёдалар ва велосипедда ҳаракатланадиганларга кўчани кесиб ўтишда ҳушёр бўлишлари, йўл четидан эҳтиёт бўлиб юришлари, ота-оналар эса ёш болаларни қаровсиз қолдирмасликлари таъкидлаб ўтилган.

Мавзуга оид