Ўзбекистон | 10:00 / 20.10.2021
4655
4 дақиқада ўқилади

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ: Чирчиқ ҳамда Қибрай туманидаги гидроиншоотларга Медиа-тур ташкил этилди

Фото: Ўзбекгидроэнерго

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ ўз фаолиятини халқчил, ошкора ҳамда тўлақонли ёритишда юртимизда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бу борада қатор босма ва электрон ОАВ, теле- ҳамда радиоканаллар, Интернет нашрлар билан узвий алоқалар ўрнатилган бўлиб, қурилиш ва модернизация объектларида махсус медиа- ва пресс-турлар ташкил этилмоқда.

Фото: Ўзбекгидроэнерго

Бугун, 19 октябрь куни ОАВ вакиллари учун навбатдаги медиа-тур ташкил қилинди. Медиа-турда 10 дан ортиқ босма ва электрон ОАВ, “Ўзбекистон24” ҳамда “Севимли” телеканаллари, нуфузли газеталар вакиллари, блогер-журналистлар иштирок этдилар.

Фото: Ўзбекгидроэнерго

Медиа-тур Тошкент вилоятида гидроэнергетика соҳасида янги ГЭСлар қуриш ва мавжудларини модернизация қилиш борасида сўнгги 4 йилда амалга оширилган ишлар ҳамда соҳада жадал суръатларда олиб борилаётган янги инвестициявий йирик лойиҳалар, янги гидроэнергетик қувватлар билан танишиш мақсадида ташкил этилди.

Дастлаб Чирчиқ шаҳрида барпо этилган, Чирчиқ-Бўзсув трактида жойлашган янги “Камолот” ГЭСда илк бор тажриба сифатида “капсула” усулида гидроагрегатлар ўрнатиш юзасидан олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида гидроиншоот объектига ташриф буюрилди.

Фото: Ўзбекгидроэнерго

Ушбу ГЭСда ОАВ вакиллари учун “Чирчиқ ГЭСлар каскади” УК директори Абдурасул Шодмонов, бош пудратчи корхона вакили Асмандиёр Зайдуллаев ҳамда хитойлик ҳамкор мутахассислар билан гидроиншоотнинг техник характеристикаси, гидроэнергетик қувватлари, замонавий стандартларга жавоб берадиган технологик қурилмалари борасида интервьюлар ташкил этилди.

Навбатдаги манзил – “Чирчиқ ГЭСлар каскади” унитар корхонаси таркибидаги Оқ-қовоқ ГЭС-1 (ГЕС-10) бўлди. Ушбу объектда ОАВ учун ГЭСда олиб борилаётган модернизация жараёнлари, ГЭСнинг тарихи ва Чирчиқ ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги ўрни борасида мутахассислар томонидан зарурий маълумотлар берилди.

Фото: Ўзбекгидроэнерго

Медиа-турнинг кейинги объекти “Қодирия ГЭСлар каскади” унитар корхонаси таркибидаги “ГЭС-3”да давом эттирилди. Чирчиқ-Бўзсув сув-энергетик трактидаги “Қодирия ГЭСлар каскади” унитар корхонаси таркибидаги Қодирия ГЭС (ГЭС-3)да олиб борилган модернизация жараёнлари якунлари ҳамда ушбу ГЭС фаолияти билан яқиндан танишдилар. Қайд этиш жоизки, 1933 йилда қурилган мазкур ГЭСнинг ўрнатилган умумий қуввати 13,2 МВт дан иборат. Қарийб 85 йилдан буён ишлаб келаётган ГЭСнинг 4 та агрегати ишлаш қуввати самарадорлигини йўқотиб, таъмирга муҳтож бўлиб қолган эди. Модернизациялар якунланганидан сўнг, ГЭСнинг умумий қуввати 15,34 МВт га етказилди. ГЭСнинг йиллик ўртача электр энергияси ишлаб чиқариш кўрсаткичи 124 млн кВт соатга етказилди.

Фото: Ўзбекгидроэнерго

Гидроэнергетика соҳасининг тараққиёти мамлакатимизда электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини ошириш билан бирга, янги ГЭСлар қурилаётган, модернизацияланаётган гидротехник иншоотлар жойлашган ҳудудлар аҳолисининг турмуш фаровонлиги ошишига, ишлаб чиқариш субъектларининг электр қувватлари билан таъминланишига, том маънода, халқимиз фаровонлиги ортишига мустаҳкам замин яратади.

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ Ахборот хизмати

Мавзуга оид