Иқтисодиёт | 14:52 / 21.10.2021
26792
9 дақиқада ўқилади

Афғонистондаги иқтисодий таназзул қўшни мамлакатларга қандай таъсир кўрсатиши мумкин?

Афғонистон иқтисодиёти 30 фоизга қисқариши прогноз қилинмоқда. Бу миллионлаб одамларнинг қашшоқлашиб кетиши ва аянчли гуманитар инқирозга олиб келиши мумкин.

Фото: Getty Images

Афғонистонда вазият кундан кунга оғирлашмоқда. Шу пайтга қадар халқаро молиявий ёрдамлар эвазига жон сақлаб келган иқтисодиёт деярли таназзул ҳолатига келиб қолди. Мамлакатдаги беқарорлик ва қишлоқ хўжалигида ҳосил кам бўлгани сабаб ҳаво совий бошлаши натижасида ёрдамга муҳтож аҳоли сони ошиб бормоқда. Бу эса бир қанча салбий оқибатларга олиб келади.

Афғонистон иқтисодиёти қандай эди?

Сўнгги йилларда Афғонистон иқтисодиёти заифлик ва ёрдамга қарамлик натижасида шаклланиб келди.

ЖСТ маълумотлари асосида охирги 20 йиллик бўйича мамлакат ЯИМ ўсиши таҳлил қилиб чиқилганда ҳам, 2003 йилдан кейинги 10 йиллик давр мобайнида мамлакат иқтисодиёти ўртача 9 фоиздан юқори ўсди. Бундан кейинги йилларда эса (халқаро ёрдамлар камайиши таъсирида) ўсиш суръати секинлашди ва 2015–2020 йиллар оралиғида йиллик ўртача кўрсаткич 2,5 фоизга тушиб қолди.

2020 йилда аҳолиси 40 миллионга яқин бўлган Афғонистонда ЯИМ ҳажми 19,8 млрд доллар бўлиб, аҳоли жон бошига бу кўрсаткич 509 долларни ташкил қилади.

Мамлакат ташқи савдо айланмасига эътибор қаратилса, 2019 йилда мамлакат экспортининг умумий ҳажми 870 млн долларни, импорт эса 8,6 млрд доллар (салбий ташқи савдо сальдоси деярли 10 баравар юқори) атрофида бўлган.

Бундан ташқари, сиёсий низолар сабаб хавфсизлик учун ажратиладиган бюджет иқтисодиётининг 29 фоизини ташкил қилган.

Қочқинлар инқирози

«Толибон»нинг ҳокимиятга келиши фонида Қўшма Штатлар Афғонистон марказий банкининг АҚШда сақланаётган активларини музлатиб қўйди. Маълумотларга кўра, апрель ойи охирида Афғонистон марказий банкининг валюта захиралари 9,4 млрд долларни ташкил этган. Шундан сўнг АҚШнинг таъсири кучли бўлган Халқаро валюта жамғармаси (ХВФ), Жаҳон банки (ЖБ) каби ташкилотлар томонидан Афғонистон иқтисодиётига кўрсатиб келинаётган ёрдамлар ҳам тўхтатилди. Натижада валюта ҳисоблари музлатилиши ортидан Афғонистонда нақд пул етишмаслиги туфайли озиқ-овқат маҳсулотлари ва ёнилғи нархи кескин қимматлашиб кетди.

ХВФнинг охирги прогнозларига кўра, жорий йилда Афғонистон иқтисодиёти 30 фоизга қисқариши кутилмоқда. Бу миллионлаб одамлар қашшоқлашиб кетиши ва аянчли гуманитар инқирозга олиб келиши мумкин, бу эса биринчи навбатда қочқинлар сони ортишига сабаб бўлади.

Қочқинларнинг катта оқими уларни қабул қиладиган қўшни республикаларда давлат ресурсларига юк бўлиши, меҳнат бозорида босимни кучайтириши ва ижтимоий кескинликка олиб келиши мумкин.

Август ойидаги энг ёмон сценарийда минтақада яна 500 минг янги афғон қочқини пайдо бўлиши кутилаётгани айтилган бўлса, айни пайтда бу рақамлар қарийб 1 миллион кишигача етиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

БМТ маълумотларига кўра, ҳаво ҳарорати пасайиб бориши натижасида уйсиз қолган афғонларнинг аҳволи ёмонлашмоқда. Ёрдамга муҳтож афғонистонликлар сони 20 миллионга етган ва уларнинг сони ҳар куни ўсишда давом этмоқда.

Қўшни мамлакатлар қочқинларни қабул қилиши мумкинми?

Афғон қочқинларини қабул қилиши мумкин бўлган қўшни мамлакатлар сифатида асосан Тожикистон, Покистон ва Эрон кўрилмоқда. ХВФ ҳисоб-китобларига кўра, бу Тожикистон учун 100 миллион доллар, Эронга 300 миллион доллар ва Покистонга 500 миллион долларга тушиши мумкин. Шунингдек, қочқинларни қабул қилишда Марказий Осиё мамлакатлари асосий номзодлар сифатида кўрилаётган бўлса-да, уларнинг аксарияти буни мутлақо хоҳламайди.

Минтақа мамлакатларидан фақатгина Тожикистонда афғонларни қабул қилиш бўйича қисман хоҳиш бўлса-да, мамлакатнинг иқтисодий ҳолати бунга тўла даражада имкон бермайди. Шу сабаб Тожикистон халқаро молиявий ёрдам олмагунча кўп сонли қочқинларни қабул қила олмаслигини маълум қилган.

Ўзбекистон ҳукумати айни пайтда афғон қочқинларини қабул қилиш режалари мавжуд эмаслигини билдирган. Бунга асосли сабабларни ҳам келтириш мумкин.

Биринчидан, қочқинларни жойлаштириш Ўзбекистон бюджети учун катта молиявий харажатларни талаб қилади. Халқаро ҳамжамият томонидан бу борада аниқ дастур ва миқдорларга асосланган амалий ишлар қилинмади, яъни халқаро молиявий ёрдам қайси давлатлар томонидан кўрсатилиши ёки унинг аниқ миқдори мавжуд эмас. 2015 йилдаги оғир миграцион инқироздан кейин Европа Иттифоқи афғон қочқинларини қабул қилмаслигини ва уларни қўшни мамлакатларга жойлаштириш учун ёрдам кўрсатиш бўйича ишлар қилинишини айтишган бўлса-да, якуний ва якдил қарор қабул қилинмади.

Иккинчидан, афғон қочқинларини қабул қилиш мамлакатдаги ижтимоий кайфиятга жиддий таъсир ўтказади. Аҳолининг кўплиги афғонлардан хавфсирашади ва уларга нисбатан ишончсизлик юқори даражада.

Учинчидан, Ўзбекистон олдида ҳеч қандай халқаро мажбурият ҳам мавжуд эмас. Мамлакат БМТнинг қочқинлар тўғрисидаги конвенциясига қўшилмаган.

Тўртинчидан, пандемия ҳолатидаги санитария-эпидемиология муаммолари, трансчегаравий жиноятлар ва гиёҳванд моддалар савдоси кенгайиш хавфининг ортиши каби муаммоларни ҳам кўрсатиш мумкин.

Афғонистондаги вазиятнинг Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодий ҳолатига таъсири

REUTERS/Zohra Bensemra

Афғонистон қадимдан Марказий Осиё мамлакатлари билан фаол савдо алоқаларида иштирок этиб келган ва ўзига хос кўприк вазифасини ҳам ўтаган. Айни пайтдаги иқтисодий беқарор ҳолат бир қанча салбий оқибатларни юзага келтиради:

Биринчидан, Афғонистон илгари катта миқдордаги хорижий ёрдам олган. Биргина Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти давлатлари 2001 йилдан 2019 йилгача Афғонистонга 65 миллиард доллар хайрия қилган. Бу маблағнинг катта қисми савдо алоқалари орқали яқин қўшни мамлакатлар Эрон, Покистон, Туркманистон ва Ўзбекистон бозорига кириб борган. Айни вазиятда эса кўплаб давлатлар ва ташкилотлар Афғонистонга «терроризмни молиялаштириш»дан ўзларини тийиш учун пул ажратишни тўхтатганини маълум қилган.

Иккинчидан, беқарор сиёсий ҳолат Афғонистон билан қўшни мамлакатларнинг халқаро имижи ва ички инвестицион муҳитига таъсир ўтказади. Масалан, Афғонистон инқирози натижасида Покистоннинг доллардаги облигациялари нархи тахминан 1 фоизга, Ўзбекистоннинг 2030 йилда тўланадиган долларлик облигациялари эса қарийб чорак фоизга камайиб кетди.

Шунингдек, беқарорлик хорижий инвесторлар ва бизнес вакилларига Марказий Осиё давлатларига инвестиция киритишдан ўзларини тийишга мажбур қилади.

Учинчидан, Марказий Осиё давлат раҳбарларининг охирги учрашувларида Афғонистон ҳам бевосита минтақадаги савдо алоқаларида тенг ҳуқуқли аъзо давлат сифатида кўрилаётганди. Хусусан, Қозоғистоннинг Афғонистонга экспорти 2017 йилда 560 млн доллар, 2018 йилда 510 млн долларни, 2019 йилда эса қарийб 400 млн долларни ташкил этган. Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги 2020 йилдаги ўзаро ташқи савдо айланмасига эътибор қаратиладиган бўлса, 777 млн долларни ташкил этиб, шундан 774,6 млн доллар экспорт улушига, 2,3 млн доллар эса импорт ҳиссасига (ижобий ТСА сальдоси 337 баробар кўп) тўғри келган. Молиявий ҳолат ёмонлашиши оқибатида эса Афғонистоннинг қўшни республикалардан қарздорлиги ортиб бормоқда. Хусусан, мамлакатдаги ДАБС энергетик корпорацияси маълумотларига кўра, биргина Афғонистоннинг қўшни давлатлар олдида электр энергия учун қарзи 62 млн долларга етган. Таъкидланишича, Тожикистонга 11,2 млн доллар, Ўзбекистонга 9,9 млн доллар ва Туркманистонга 5,1 млн доллар тўлаб бериши керак. Бу каби ҳолатлар ортиб бориши эса молиявий жиҳатдан қудратли бўлмаган қўшни республикалар билан муносабатларга салбий таъсир ўтказа бошлайди. Хавф юқорилиги сабаб маҳаллий тадбиркорлар таваккалчилик асосида савдо-сотиқ учун маблағ жалб қилишда катта рискларга дуч келади (аввал ҳам рисклар юқори бўлган, аммо халқаро ёрдамлар эвазига афғон халқида ҳозиргига қараганда кўпроқ маблағ бор эди).

Тўртинчидан, Афғонистон ҳудуди Марказий ва Жанубий Осиёни боғлайдиган ўзига хос йўлак вазифасини бажаради. Биргина «Термиз-Ҳайратон» кўпригидаги назорат-ўтказиш пункти орқали ҳар йили 5 миллион тоннагача турли юклар ташилган, уларнинг қарийб 70 фоизи Афғонистон орқали Покистон портларига олиб ўтилган. Гуманитар инқирознинг кучайиши ортидан эса таҳдидлар ортиб бораверади.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, Афғонистоннинг иқтисодий тикланиши ҳақида гапиришга ҳали анча эрта ва бу борада асосли омиллар ҳам мавжуд эмас. Гуманитар инқирознинг кучайиши ортидан қочқинлар сонининг ортиб бориши эса қўшни мамлакатларга нисбатан салбий таъсир ўтказади ва босимни кучайтиради.

Достон Аҳроров тайёрлади.

Мавзуга оид