Жаҳон | 19:32 / 21.10.2021
6603
2 дақиқада ўқилади

Польша ЕИни тарк этиши мумкин — Европарламент вакили

Аввалроқ Польша бош вазири Матеуш Моравецкий Евроиттифоқни шантажда айблаганди.

Фото: AP

Европарламент етакчи фракцияси раҳбари Манфред Вебер Польша Евроиттифоқни тарк этиши мумкинлигини айтди, деб ёзади Redaktionsnetzwerk Deutschland.

Вебернинг сўзларига кўра, блокнинг бўлажак саммитида Польша ва ЕИ ўртасидаги ҳуқуқий баҳснинг муросали ечимини топиш зарур.

«Агар қонун устуворлиги ва Европа ҳуқуқининг амал қилиш меъёрлари масаласи ҳал этилмаса, Польша орқа эшик орқали ЕИдан чиқиши мумкин», — деди у.

Reuters агентлигининг маълумот беришича, Европа парламенти Польшанинг ЕИдан оладиган маблағини қисқартиришни талаб қилувчи резолюция бўйича овоз берган.

«Польша ўзини хавф остига қўймоқда. Агар мулоқот иш бермаса, охир-оқибат турли кўринишдаги санкцияларга ўтишимизга тўғри келади. Европа иттифоқида бундай сиёсат номақбул ҳисобланади», — деди Европа ишлари бўйича давлат котиби Клеман Бон.

Ҳозирда комиссия Варшавага фавқулодда фондларнинг 57 миллиард евро маблағидан фойдаланишни тақиқлади. Шунингдек, Варшавага янги жарималар қўлланиши мумкин.

Аввалроқ Польша бош вазири Матеуш Моравецкий Евроиттифоқни шантажда айблаганди.

7 октябр куни Польша Конституцион суди ЕИ қонунчилигининг айрим қисмлари мамлакат Конституциясидан устун эмаслиги тўғрисида қарор қабул қилди. Қайд этилишича, бу қарор Варшава ва Брюссел ўртасидаги муносабатларни кескинлаштириб юборган.

Мавзуга оид