Ўзбекистон | 20:14 / 25.10.2021
50144
7 дақиқада ўқилади

Рақамлар ва рекордлар: Ўзбекистон президентлиги сайловлари тарихи

Бир вақтлар мустақил номзодлар иштирокига рухсат бор эди, бюллетенларда “Ҳаммасига қарши” деган банд ҳам бўлган. Сайловлардан бирида икки номзоддан бири 30, бири 40 фоиз овоз олгани эълон қилиниб, кейин рад этилган. Бошқа сафар эса ҳатто президентликка номзоднинг ўзи ҳам амалдаги президентга овоз берган.

Фото: ТАСС

Ўзбекистон номидаги республика ташкил топганидан буён бу республикага 12 киши раҳбарлик қилган. Уларнинг 10 нафари собиқ иттифоқ даврида юқоридан тайинланган, 2 нафари – Ислом Каримов ва Шавкат Мирзиёев президентлик сайловларида ғолиб чиқиб, мустақил Ўзбекистонни тўлақонли бошқарган. Ўзбекистонда президентлик институти 31 йиллик тарихга эга ва мана шу давр оралиғида 6 марта давлат раҳбари мақоми учун сайловлар бўлиб ўтди.

1991 йил

Дунё харитасида янги давлат – Ўзбекистон Республикаси пайдо бўлган, энди уни расман ким бошқариши бўйича халқ фикри аниқланадиган палла эди. Тўғри, бундан олдин, яъни 1990 йилда ҳам президентликка сайлов бўлганди. Аммо унда СССР таркибида бўлган Ўзбекистон Олий совети сессиясида республикага президент сайланган, яъни амалда фуқаролар бу жараёнда иштирок этмаганди.

1991 йил 29 декабрда бўлиб ўтган сайловнинг қизиқарли жиҳатлари кўп эди. Бунда юқорида айтилганидек, биринчи марта халқ фикри сўралган ҳолда давлат раҳбари сайланганди. Бу сайлов ғолибнинг рақиби нисбатан энг юқори овоз олгани билан тарихда қолган. Ўшанда Ислом Каримовга рақиблик қилган «Эрк» партияси номзоди Салай Мадаминов (Муҳаммад Солиҳ) расман 12,5 фоиз овоз тўплашга муваффақ бўлгани эълон қилинган. Қолаверса, бу Халқ демократик партияси номзоди сифатида сайловда қатнашган Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов нисбатан энг кам овоз олган сайлов бўлганди – 86 фоиз (8 514 136 овоз).

Овоз берувчиларнинг 0,4 фоизи фақат ўша сайловда қўлланган «Ҳаммага қарши» танловида тўхталишган. Бу сайловлар иштирок ўта юқори бўлгани билан ҳам ёдда қолган – 94,2 фоизлик давомат.

Бу сайловлар иккинчи тур бўлиши эҳтимоли юқори бўлган сайловлар эди. Чунки сайлов жараёни кетаётган кунда радио орқали Ислом Каримов 40 фоиз, Салай Мадаминов эса 30 фоиз овоз олгани эълон қилиб юборилган. Қонунчиликка кўра биринчи турда ҳеч ким 50 фоиздан ортиқ овоз йиға олмаса, иккинчи тур бўлиши ва унда ким кўп овоз олса ғолиб бўлиши лозим. Радиода эълон қилинган маълумот асосида кўпчилик иккинчи турни тахмин қилаётган бир пайтда бу маълумотлар расман рад этилади. Кейинчалик мухолифат сайловлар жараёнида қинғирликлар бўлгани ҳақида билдириб, натижаларни тан олмайди, МСК ва ҳукумат вакиллари эса мухолифатни провокацияда айблайди.

2000 йил

1991 йилги сайловлардан кейингиси 1996 йилда бўлиб ўтиши керак эди. Аммо 1995 йил 26 март куни ўтказилган референдумда 99,6 фоиз овоз билан Ислом Каримовнинг президентлик ваколатлари 2000 йилга қадар узайтирилган.

2000 йилнинг 9 январида бўлиб ўтган сайловларда давомат бўйича энг юқори кўрсаткич қайд этилади – 95,9 фоиз. Сайловда Ислом Каримов Ўзбекистон тарихидаги президент сайловларида энг юқори  кўрсаткич – 91,95 фоиз овоз тўплагани билан ёдда қолган. У ўшанда янги тузилган (ва тез орада фаолиятини тўхтатган) «Фидокорлар» партияси номзоди сифатида иштирок этганди.

Бу сайловларда «Ҳаммага қарши» банди олиб ташланган. Сайловда амалдаги президентга ягона рақиб бўлган ХДП номзоди Абдулҳафиз Жалолов 4,71 фоиз овоз йиғади. Бу жараёндаги яна бир қизиқ жиҳат – Абдулҳафиз Жалолов сайлов жараёнида маҳаллий ва хорижий ОАВ қаршисида Ислом Каримовга овоз бергани ва амалдаги президент сиёсатини ёқлашини билдирганди.

2007 йил

2002 йил 27 январь куни яна референдум ўтказилиб, унда 91,78 фоиз овоз билан президентлик муддати 5 йилдан 7 йилга узайтирилади.

2007 йил 27 декабрда бўлиб ўтган навбатдаги сайлов номзодларнинг икки нафардан ортиқлиги ва улар сафида аёл кишининг ҳам борлиги билан тарихга кирди ҳамда амалдаги давлат раҳбари Ислом Каримов энди учинчи бир партия – ЎзЛиДеП номзоди сифатида иштирок этди.

Сайловчиларнинг 90,6 фоизи қатнашган бу жараёнда Ислом Каримов 88,1 фоиз овоз билан ғолиб бўлди. Унинг энг яқин рақиби Аслиддин Рустамов 3,17 фоиз (ХДП), Дилором Тошмуҳаммедова 2,9 фоиз («Адолат» СДП), Акмал Саидов эса 2,85 фоиз овоз тўплашга муваффақ бўлади.

Яна бир аҳамиятли жиҳат – Акмал Саидов бу сайловда бирор партия вакили сифатида иштирок этмаган, у Сайловчилар ташаббускор гуруҳи номзоди бўлган.

2015 йил

2015 йилнинг 29 мартида бўлиб ўтган навбатдаги сайловларда ҳам президентликка 4 нафар номзод илгари сурилди. Ўзига хос томони – бу сайловлар мағлуб бўлган бир номзоднинг иккинчи марта иштироки бўлган, яъни эндиликда «Миллий тикланиш» партияси вакилига айланган Акмал Саидов бу сиёсий жараёнда ҳам иштирок этган.

91,08 фоиз сайловчилар (18,9 млн) қатнашган бу сайлов натижаларига кўра Ислом Каримов 17 122 597 сайловчи овози билан 90,39 фоизлик натижа кўрсатган ва президентлик мақомини сақлаб қолган. Акмал Саидов 3,08 фоиз овоз билан иккинчи ўринни эгаллаган. ХДП номзоди Ҳотамжон Кетмонов 2,92 фоиз овоз тўплашга муваффақ бўлган. Тўртинчи номзод, шу пайтга қадар энг паст кўрсаткич қайд этган Наримон Умаровни («Адолат» социал-демократик партияси вакили) фақат 389 024 сайловчи қўллаган – у 2,05 фоиз овоз жамғара олган.

2016 йил

Ислом Каримовнинг ўлимидан кейинги жараёнларни кўпчилик эслайди. Президент давлатни бошқариш қобилиятини йўқотса, унинг ваколатини бажариши керак бўлган Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев бу ваколатни зиммасига ололмаслигини билдиради. Шундан сўнг шу пайтга қадар бош вазир бўлиб келган Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистон Республикаси президенти вазифасини бажарувчи мақоми берилади ва у 2016 йил 8 сентябридан 14 декабрга қадар «в.б.» қўшимчаси билан фаолият кўрсатади.

2016 йил 4 декабрь куни Ўзбекистонда ҳисоб бўйича бешинчи президентлик сайловлари бўлиб ўтади ва унда давомат 87,73 фоизни ташкил этади. 4 нафар номзод курашган бу сайловларда Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан номзод бўлган Шавкат Мирзиёевни 88,61 фоиз, Халқ демократик партияси вакили Ҳотамжон Кетмоновни 3,73 фоиз, «Адолат» социал-демократик партиясидан Наримон Умаровни 3,46 фоиз, «Миллий тикланиш» партиясидан Сарвар Отамуротовни 2,35 фоиз сайловчилар қўллайди.

2021 йил

Амалдаги қонунчиликка кўра президентлик ваколатлари 5 йил дея белгилангани боис навбатдаги сайловлар 2021 йилнинг 24 октябрида ўтказилди. Бу сайловларнинг ўзига хос жиҳати 5 нафар номзод курашга киргани ва рўйхатдан ўтган ҳар бир партия ўз вакилига эга бўлгани бўлди.

Амалдаги президент Шавкат Мирзиёев ЎзЛиДеП партияси вакили сифатида иштирок этган бу сайловда у 80,01 овоз жамғаргани эълон қилинди. Қолган номзодлар - Мақсуда Ворисовани 6,6 фоиз (ХДП), Алишер Қодировни 5,5 фоиз («Миллий тикланиш»), Нарзулла Обломуродовни 4,1 фоиз (Экологик партия), Баҳром Абдуҳалимовни 3,4 фоиз («Адолат» СДП) сайловчилар қўллагани маълум бўлди.

Аброр Зоҳидов тайёрлади

Мавзуга оид