Жамият | 16:25 / 28.10.2021
6593
3 дақиқада ўқилади

Йил бошидан буён неча киши ис газидан заҳарланиб вафот этгани маълум қилинди

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Kun.uz’га маълум қилишича, йил бошидан буён Ўзбекистонда ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ 46 та нохуш ҳолатлар содир бўлган. Бироқ қурбонлар сони ҳолатлар статистикасидан икки баробар кўпроқ.

Фото: Getty Images

“2021 йилнинг 28 октябрь кунига қадар республикада аҳоли орасида ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ 46 та нохуш ҳолатлар содир бўлиб, уларда 96 киши вафот этган ва 35 киши жабрланган”, дейди ФВВ ахборот хизмати раҳбари Мурод Содиқов.

Вазирлик мулозими ҳудудларда вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармалари томонидан ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ содир бўлаётган ҳолатлар муҳокама этилиб, уларнинг юзага келишига сабаб бўлаётган омиллар масъул идоралар ҳамда жамоатчилик вакиллари билан бирга муҳокама қилинаётгани, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш бўйича муҳим тавсиялар берилаётганини таъкидлади.

Аввалроқ Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори Дониёр Алимов ис газидан заҳарланишдан 2-3 ҳафта ўтиб ҳам вафот этиш ҳолатлари қайд этилганини таъкидлаганди.

Ҳар йили куз-қиш мавсумида Ўзбекистонда ис газидан заҳарланиш мавзуси кун тартибига чиқади. Ис гази асосан табиий газ, кўмир, ўтин чўғларининг тўлиқ ёнмаслиги натижасида ҳосил бўлади. Ҳеч қандай ҳид ва рангга эга бўлган ушбу газ «сездирмасдан ўлдирувчи» дея таърифланади.

Ушбу газ организмга нафас аъзолари орқали таъсир этиб, гемоглобин билан кислородга нисбатан 300 маротаба кучли бирикма – карбоксигемоглобин ҳосил қилади. Бунинг оқибатида гемоглобиннинг тўқималарга кислород ташиш хусусияти кескин пасайиб, гипоксия, оғир ҳолатларда эса аноксияга олиб келади. Заҳарланиш оқибатида ўлим ҳолатлари кузатилиши мумкин.

Сўнгги ўн кунда Самарқанд вилоятида ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ 4 та ҳолат қайд этилиб, 8 киши вафот этган. Қурбонларнинг беш нафари вояга етмаган болалардир.

2020 йилнинг 27 февраль куни Тошкентнинг Юнусобод тумани Фирдавсий маҳалласи Инжобод кўчасидаги хонадонда ижара асосида яшаган беш талабанинг мурдаси топилган, суд тиббиёт экспертизаси хулосасига кўра, ижарачиларнинг ўлимига ис газидан ўткир заҳарланиш натижасида ўткир нафас ва юрак, қон-томир етишмовчилиги сабаб бўлгани аниқланган.

Бундан ташқари, экспертиза давомида талабалар ижарада яшаган уйнинг хоналарида ўрнатилган газ ускунаси ва жиҳозлари техник ва меъёрий қоида талабларига асосан ўрнатилмагани, амалдаги талабларга жавоб бермаслиги аниқланиб, суд ҳукмига кўра уй эгаси беш нафар талабанинг ўлимида айбдор деб топилиб, 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган.

ФВВ ахборот хизмати куз-қиш мавсуми бошланиши билан юз бериши мумкин бўлган турли кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида масъул идоралар билан ҳамкорликда 529 та ишчи гуруҳ, 204 та таъмирлаш-тиклаш отрядлари ташкил этилганини маълум қилмоқда.

Вазирлик аҳолини носоз электр иситиш мосламаларидан фойдаланмасликка, турли нохуш вазиятларда дарҳол 104 рақами орқали хабар беришга чақирган.

Мавзуга оид