Жаҳон | 13:40 / 06.09.2024
3066
3 дақиқада ўқилади

Россия ФВВ раҳбарининг собиқ ўринбосарига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Тергов маълумотларига кўра, Баришев сохта ҳужжатлар ёрдамида Москва вилоятидаги квартирани ўз номига ўтказиб олган. Камида 20 миллион рубллик квартира мусодара қилинган.

Фото: РИА Новости

Россия Тергов қўмитаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошлиғининг собиқ ўринбосари Павел Баришевга нисбатан ўта катта ҳажмдаги фирибгарлик (Россия Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисми) бўйича жиноий иш қўзғатди. Бу ҳақда 5 сентябр, пайшанба куни идора ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

«Тергов 2017 йилдан 2019 йилгача Баришев уй-жой билан таъминлаш ҳуқуқига эга эканлигини кўрсатадиган сохта ҳужжатларни тайёрлаганлиги ва бунинг асосида Москва вилоятидаги камида 20 миллион рубл қийматидаги уч хонали квартирани ўғирлаганини аниқлади. Квартирага хатлов қўйилган», - дейилади хабарда. Тергов қўмитаси Павел Баришевнинг қўлга олингани ҳақида аниқ маълумот бермади.

Павел Баришевнинг карераси

Баришев 1959 йил 15 июнда туғилган, Москва йўл ва муҳандислик қўшинлари олий қўмондонлик билим юртини, Ҳарбий-муҳандислик академиясининг фуқаролик мудофааси факултетини тамомлаган. У 2017 йил 2 февралда президент фармони билан фуқаро мудофааси бўйича вазир ўринбосари этиб тайинланган эди. Бунгача Баришев Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Фуқаро мудофааси академияси бошлиғи лавозимида ишлаган. Россия президенти Владимир Путин Баришевни 2021 йил май ойида лавозимидан озод қилган эди. Фармонда истеъфога чиқиш сабаби кўрсатилмаган.

Кейинчалик, Павел Баришев табиий ресурслар вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланди. Ушбу лавозимда у идорада давлат сирларини муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари ижроси учун масъул бўлган махсус бўлимни бошқарган. Баришев, шунингдек, сув ресурслари соҳасидаги давлат сиёсати ва тартибга солиш бўлими ва Сув ресурслари федерал агентлиги учун масъул эди. У 19 июн куни бош вазир Михаил Мишустиннинг фармони билан «нафақага чиққанлиги туфайли» бу лавозимдан озод этилди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вазирининг ўринбосари бўлганида Баришев, жумладан, 2019 йил кузида Красноярск ўлкасида тўғон бузилиши оқибатларини бартараф этишда иштирок этган. Ўшанда 20 киши ҳалок бўлган, «иш пайтида катта талафотларга олиб келган хавфсизлик қоидаларини бузиш» моддаси бўйича иш очилган.

Мавзуга оид