Шу куни Кутаисидаги стадионда маҳаллий автозаводга тегишли «Торпедо» клуби Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси билан футбол бўйича СССР олий лигасининг навбатдаги турида ўзаро тўқнаш келади. «Торпедо» 1:4 ҳисобида ютқазгач, мухлислар стадионда тартибсизлик бошлашади ва ўриндиқларини синдириб, ғиштларни қўпориб майдонга улоқтиришади.

Тунда тартибсизликлар бутун шаҳарга ёйилади: одамлар кўчаларда турган кўплаб машиналарни ёқиб юборишади, биноларнинг ойналарини синдиришади.

Вазият милиция назоратидан чиқиб кетгач, Кутаисига ҳарбий бўлинмалар киритилади. Ўртада отишма содир бўлиб, аҳоли вакилларидан, милиция ходимлари ва ҳарбийлардан бир неча одам ҳалок бўлади, кўпчилик яраланади. Ўша ҳодисаларга гувоҳ бўлганлар кейинчалик «Кутаиси шаҳридаги вазият худди фронтдаги ҳолатга ўхшаб қолгани» ҳақида айтишган эди.

«Торпедо» – «Пахтакор» ўртасидаги муҳим баҳс

1970 йилда СССР олий лигаси баҳслари тугашига бир ўйин қолганда «Пахтакор» Кутаисининг «Торпедо» жамоасига қарши сафарда тўп суриши керак эди. Ўшангача «Пахтакор» 26 очко, «Торпедо» эса 23 очко жамғарганди.

Икки жамоа ҳам турнир жадвалининг қуйи ўринларида жойлашган бўлиб, ушбу ўйин улар учун жуда муҳим ҳисобланарди. Қайси жамоа ғалаба қозонса, олий лигада жон сақлаб қоларди. «Торпедо»ни дуранг ҳам қониқтирмасди. Юқори лигада қолиш учун жамоа фақат ғалаба қозониши талаб этиларди.

Ўша куни Кутаисидаги автозавод раҳбарияти футбол ўйинига кўпроқ мухлис тушсин, деб жумани дам олиш куни деб эълон қилиб юборади. Стадионга 8 минг атрофида мухлис келади.

Ўйин бошланишидан олдин мезбонлар «Пахтакор» мураббийи Михаил Якушин ва жамоа бошлиғига пора беришга уринишади, лекин улар спорт принципларга содиқликларини ва сотилмасликларини айтишади. Шундан сўнг, гуржилар ҳакамга пул таклиф этишади. Ўйинга бош ҳакам сифатида тайинланган москвалик Юрий Бочаров ҳам пулни рад этади.