19:16 / 03.11.2021
8908

Марғилондаги тарихий масжид биноси бузилгани бўйича жиноят иши қўзғатилди

Марғилон шаҳридаги “Хўжа Порсо” масжидининг тарихий биноси бузилгани юзасидан Фарғона вилояти маданий мерос бошқармаси мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан жиноят иши очилди.

rya-b5xBkWKACHzZJOqc3NKXcclEN-je.jpg (800×591)
Фото: Kun.uz / Сарвар Зияев

Бош прокуратура ахборотига кўра, иш Жиноят кодексининг 132– (Моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказиш) ва 205– (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) моддалари билан қўзғатилган.

Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган Хўжа Порсо жоме масжидининг тарихий биноси бузилиб, ўрнига масжид учун янги бино қурилаётгани ўтган ойда жамоатчилик эътиборига тушганди.

Фарғона вилояти маданий мерос бошқармаси бошлиғи Алишер Ҳусанов Kun.uz билан суҳбатда айтгандики, Хўжа Порсо масжиди 2019 йилда маданий мерос объекти сифатида давлат муҳофазасига олинган. Масжид маҳаллий тоифадаги объектлар қаторига киради.

Ҳусановга кўра, масжидга янги бино қуриш эски бинонинг таъмирталаб ҳолатга келиб қолгани ва намозхонларнинг сиғмай қолгани билан боғлиқ. У масжид қурилиши бўйича лойиҳа 2020 йилнинг ноябрь ойида илмий эксперт кенгаши томонидан маъқулланганини билдирганди.

1yixpJ_3YyH8RXpNl0Mc3zdfrIeuQt7L.jpg (800×591)
Алишер Ҳусанов
Фото: Kun.uz / Сарвар Зияев

“Хўжа Порсо масжидининг асосий тарихий аҳамиятга эга қисми айвон қисми бўлиб, ўзгача нақшинкорлари мавжуд бўлган. Айнан шу устунлар мутахассислар томонидан ечиб олиниб, рақамланди. Яқин вақт оралиғида айвоннинг тарихий аҳамиятга молик қисми қайта тикланади.

Айвон устунларини ечиб олишда ҳам уларга зиён етмади. Водийдаги малакали реставраторлар томонидан масжиднинг устун ва пештоқлари ечиб олинди.

1ivgJxG4gCx2TNhsyZMZ75InbVBQuGXn.jpg (960×540)
Хўжа Порсо масжиди / Фото: Элмира Тухватуллина

Масжид хом ғиштдан қилингани учун табиий офатлар натижасида ёриқлар пайдо бўлган. Шунинг учун масжидни қайта қуриш ва тарихий айвонни янгидан қуришга келишилган.

Қадимий масжид пойдеворини мустаҳкамлаш, нақшинкор айвоннинг умрини узайтириш учун аввалги ҳолати қандай бўлса шундайлигича бунёд этиш учун мутахассислар жалб қилинган. Лойиҳа бўйича бузилган айвон жойига ўрнаштирилади.

xvKmFQijU_45KLvfSZI1RFu25qpT2Z0H.jpg (800×595)
Хўжа Порсо масжиди / Фото: Элмира Тухватуллина

Масжиднинг шифт қисми яхши сақланган. Том қисми маҳаллий аҳоли томонидан бир неча бор таъмирланган. Пештоқ нақшларига зарар етмаган. Фақатгина масжиднинг девор қисми таъмирталаб бўлиб қолган”, – деганди Фарғона вилояти маданий мерос бошқармаси бошлиғи Алишер Ҳусанов.

Top