Ўзбекистонда ёшлар жиноятчилиги кўлами ортяпти. Сабаблар ҳақида таҳлилий суҳбат
Ўзбекистонда охирги йилларда ёшлар иштирокида жиноятчиликнинг ортиб бораётгани расмий доираларда ва ҳуқуқ-тартибот органлари ҳисоботларида ҳам қайд этилмоқда.
Кўпчилик мутахассислар бу ҳолат сабабини ишсизлик ва иқтисодий омилларда кўрсатади. Социолог Ҳусниддин Мамадиевга кўра эса, ёшлар орасида ортаётган жиноятчиликка асосий сабаб бу омиллар эмас, балки давлатда ижтимоий меъёрлар борасида аниқ тизимнинг йўқлигидадир.
Хўш, бу ижтимоий меъёрлар ўзи нима? У қандай қилиб тартибга солинади? Ёшлар орасида жиноятчиликни қандай камайтириш мумкин?
Kun.uz мухбири айни шу мавзулар юзасидан жамиятшунос Ҳусниддин Мамадиев билан интервью уюштирди.
— Ҳусниддин ака, сиз бир жамиятшунос ўлароқ ёшлар жиноятчилигининг ошиб бориш сабабларини нималарда кўрасиз?
— Бугун нафақат бизнинг жамиятда, балки бутун дунёда ёшлар жиноятчилиги кўрсаткичлари ошиб боряпти.
Агар биз ҳолатга социология фани нуқтайи назаридан қарасак, инсонлар, турли гуруҳлар ва умуман жамият учун қабул қилинган меъёр, талаб ва қоидаларнинг бузилишига жиноятчилик деб қаралади. Шу сабабли социологлар жиноятчиликни эмас, унга сабаб бўладиган омилларни ўрганишади.
Агар биз ўзбек жамияти ва дунё тажрибасидан келиб чиқсак, ҳар бир жиноят ортида ижтимоий омиллар ётади. Бу назариялар аллақачон илм даражасига чиқиб улгурган.
Биз ёшлар орасидаги жиноятчиликни таҳлил қилишдан аввал жамиятдаги барча қатламлар орасидаги жиноятчиликни ҳам кўриб чиқишимиз керак. Биз аёллар, эркаклар, вояга етмаган ёшлар ва бошқа қатламлар орасидаги жиноятчиликни биламиз.
Юқорида таъкидлаганимдек, ижтимоий қарашлар, ёндашувларнинг етарли эмаслиги жиноятчиликнинг ошишига сабаб бўлади.
Яқинда ижтимоий тармоқда, бир маълумотга кўзим тушди. Унга кўра, шу йилда Ўзбекистонда ёшлар иштирокида рўй берган жиноятчилик бошқа йилларга нисбатан икки баробарга кўпайган. Жумладан, ўтган 10 ойлик натижалари бўйича республикада 45 мингга яқин жиноят содир этилган бўлса, унинг 37-38 фоизи ёшлар ҳисобига тўғри келмоқда. Ўтган йили эса бу натижа 35 фоизни ташкил қилган. Бу ҳам катта кўрсаткич.
Бизда ёшларнинг жиноятчиликка берилиб кетишини таҳлил қилувчи ва унинг омилларини ўрганувчи ижтимоий тузилмалар рисоладагидек ишламайди. Бу борада илмий ёндашувлар етишмаслиги яққол кўринмоқда.
Бугун ёшларимизнинг тафаккури, мафкураси ва дунёқарашида жуда кўп бўшлиқлар пайдо бўляпти. Бу бўшлиқни эса ўткинчи ғоялар, ўткинчи ахборотлар тўлдириб боряпти. Ёшлар онгида маънавий бўшлиқ ҳам сезиляпти. Айни шу жиҳатлар ёшлар жиноятчилиги ортишига сабаб бўляпти.
— Бутун дунёда жиноятчилик кўрсаткичлари ошар экан, бунга иқтисодий муаммолар ҳам сабаб сифатида кўрсатилади. Ўзбек жамиятидаги ёшлар жиноятчилигида бу омилнинг ўрни қанчалик сизнингча?
— Немис файласуфи, иқтисодчиси ва жамиятшуноси Карл Маркснинг “Капитал” номли асари бор. Бу асарда барча ижтимоий муносабатлар, ҳаёт мазмуни ва умуман барча жараёнлар замирида моддият ётади, дейилади. Ғарбда бу назария қабул қилинган. Бизнинг жамиятда эса у бошқачароқ. Мен бир жамиятшунос ўлароқ бу таълимотга унчалик қўшилмайман.
Биздаги жамиятнинг чеклов, меъёрлари моддиятга бориб тақалмайди. Бизда маънавий, ахлоқий ва тарбия омилига кўпроқ аҳамият берилади. Шунинг учун биз моддиятни биринчи ўринга қўйиб, ёшларни айблашимиз ҳам нотўғри.
Бу борада бир мисолни келтираман. 2020 йили Россиядаги қамоқхоналардан бирининг 600 нафар 20-35 ёшли маҳкумлари орасида 2016 йилдан бошлаб ўтказилган ижтимоий тадқиқот якунланган. Унга кўра, маҳкумларга сизни жиноят содир этишингизда иқтисодий омил сабаб бўладими, деган савол қўйилади. Сўров маҳкумларнинг қамоққа тушган кундан чиқиб кетгунча бўлган даврида уч босқичда ўтказилган.
Саволга жазо муддатини ўташни бошлаган маҳкумларнинг 37.2 фоизи илк бор, «ҳа» дея жавоб берган. Бу савол ўша маҳкумларга жазо муддатининг ярмини ўтаб бўлган вақтда ҳам берилган. Бу сафар уларнинг 17 фоизи ўша жавобни берган.
Шу савол жазо муддатини ўтаб бўлган маҳкумларга учинчи бор ҳам берилган ва бу сафар фақат 4.9 фоиз маҳкумлар унга «ҳа, жиноят содир этилишида иқтисодий омил сабаб бўлади», деган жавобни берган.
Шу сабабли, мен жиноятчиликнинг олдини олишда моддиятни юқори ўринга қўйиш фикрига қўшилмайман ва кўпроқ ижтимоий-маънавий муҳитга эътибор қаратиш керак, деб ҳисоблайман.
— Социологларнинг ушбу тадқиқотлари натижасини ўзбек жамиятига ҳам тарғиб қилиш мумкин дейиш қанчалик тўғри бўларкин?
— Энг қизиқ жиҳати ҳам шунда. Умуман, ижтимоий ҳаётда шундай. Яъни маҳкумлар илк бор қилган жиноятида иқтисодий омилларни сабаб сифатида кўрсатяпти. Бир неча йил ўтиб эса улар қилган хатосининг асл сабабларини тушуниб етишяпти. Улар якунда мактабдаги таълим, ота-она тарбияси каби омилларни жиноятчиликка сабаб сифатида айтишган.
Хулоса қилиш мумкинки. Жиноят қилган инсонга оила, ота-она, таълим муассасалари ва жамият тўғри ижтимоий тарбияни, ижтимоий чекловларни бермаган.
— Ёшлар орасида жиноятчилик кўрсаткичининг ошишида албатта, оиланинг, хусусан ота-оналарнинг айби катта. Айтинг-чи, бугун ота-оналар тарбия жараёнининг айни қайси нуқтасида хатога йўл қўйишяпти?
— Юқорида ҳам айтганимиздек, оила ва ундаги тарбия ҳар бир ёш учун муҳим аҳамиятга эга. Айнан оилада фарзанд онгига эзгу ғоялар сингдирилиб борилиши ва жиноятларнинг энг кичиги ва энг оғирлари ҳам инсон ҳаётидаги катта ижтимоий таназзул эканлигини тушунтириб берувчи тарбия муҳити шаклланиши зарур.
Шу ўринда бизнинг жамиятимизда бу борада кескин тарзда юзага келаётган кемтиклар мавжудлигини айтишим керак. Масалан, социология фанида вақтни кам талаб қиладиган, бироқ юқори ижтимоий аҳамиятга эга бўлган муҳим тамойиллардан бири – бу жамиятдаги, жумладан, оиладаги ижтимоий назорат омилидир. Яъни оилада ота-оналар фарзандлар билан мулоқот, сўров, тинглаш, маслаҳатларни таҳлил қилиш орқали дунёқарашини шакллантиришга вақт топишмайди.
Бугун ота-оналар ўз вақтини қийинчиликларсиз шоҳона ҳаётга эга бўлишни тараннум этувчи хориж сериаллари, жамиятда тарбия ва миллий маънавиятдан устун қилиб кўрсатилаётган мазмунсиз шоулар ва кўрсатувлар ҳамда жиноятчилик, илмсизлик, адолатсизликка қарши курашишдаги саёз сценарийларга, хориж мафкурасига асосланган кўчирма ўзбек сериалларига сарфламоқда.
Шунингдек, ота-оналар телефон ва интернет ҳамда ижтимоий тармоқлардаги асосланмаган ўткинчи маълумотларга сарфлаяпмиз. Гўёки биз ўзимизни бу билан фарзандлар тарбияси билан шуғулланаётгандек, “назорат қилаётгандек” кўрсатамиз. Аслида эса...
Таъкидлаганимиздек, оилада ва тарбия масканларида ёшларнинг жиноятчиликдан йироқ бўлиб шаклланишидаги энг мақбул йўл – бу ижтимоий назоратдир.
Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин. Унда ёшлар жиноятчилиги ошиб боришида оила, мактаб, ишсизлик, диний ва қонунчилик омиллари таҳлил қилинади.
Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи – Муҳиддин Нидо.
Мавзуга оид
15:32 / 22.11.2024
Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшлар давлат фуқаролик хизматига танловсиз қабул қилинади
15:18 / 13.11.2024
Ўзбекистон инглиз тили саводхонлиги рейтингида 98-ўринга тушди
11:24 / 06.11.2024
ИЖҚКДнинг иқтисодий жиноятларни тергов қилиш соҳасидаги ваколатлари аниқлаштирилади
11:12 / 29.10.2024