Ўзбекистон | 09:29 / 05.11.2021
7338
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда содир бўлган ЙТҲда ҳайдовчининг отаси вафот этди. Яна икки киши касалхонага ётқизилди

Видеодан кадр

Сурхондарё вилояти Денов туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида ҳайдовчининг отаси вафот этган. Яна икки киши касалхонага ётқизилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 31 октябрь куни соат 23:45ларда Денов тумани Қизилжар маҳалласидан ўтувчи 4К587 автомобил йўлида одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Ҳайдовчилик гувоҳномасини олганига энди 9 ой бўлган 26 ёшли йигит Nexia машинасида ота-онаси, холаси ва унинг вояга етмаган фарзандлари билан кетаётганда тезликни меъёрдан ошириб ҳаракатланган. Сўнг, ўзидан олдинда ҳаракатланиб кетаётган 21 ёшли йигит бошқарувида бўлган тракторнинг тиркамасига бориб урилган ва унинг остига кириб кетган.

Ҳодиса оқибатида Nexia машинасининг олд ўриндиғида бўлган ҳайдовчининг отаси оғир тан жароҳатлари олиб вафот этган. Бундан ташқари, машинанинг орқа ўриндиғида бўлганлардан икки нафари, улардан бири вояга етмаган бола оғир тан жароҳатлари олиб шифохонага ётқизилган.

Дастлабки суриштирувда аниқланишича, трактор ҳайдовчисида уни бошқариш учун ҳеч қандай ҳужжат бўлмаган. Шунингдек, унда бошқа енгил машиналарни бошқариш ҳуқуқини берадиган ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам бўлмаган.

Мавзуга оид