Ўзбекистон | 21:14 / 07.11.2021
7683
5 дақиқада ўқилади

Самарқандда халқаро яриммарафон: энг охирида йўлга чиққан иштирокчи 21 километрни биринчи бўлиб босиб ўтди

Самарқанд шаҳрида учинчи маротаба «Samarkand Half Marathon» хайрия яриммарафони ўтказилди.

Мазкур марафон Маданият вазирлиги ҳузуридаги маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этиб келинмоқда.

Марафон очилишида Самарқанд шаҳар ҳокими Бобурмирзо Облоқулов ҳамда вилоят ҳокими ўринбосари Ботиржон Нуруллаев қатнашди ва иштирокчиларни табриклади.

«Ушбу марафонга шаҳримиз мезбон экани нафақат бизга масъулият юклайди, балки фахр ҳам беради. 2020 йилда пандемия сабабли халқаро марафон онлайн тарзда ўтказилганди. Мана, бу йил яна катта байрамдек тайёргарлик кўрдик. Шаҳримизда маданий муассасалар, тарихий обидалар кўп. Ушбу объектларимизни бугун дунё бўйлаб кўрсатиш имконияти пайдо бўляпти. Бу ҳам сиёсат, ҳам спорт тарғиботи, деб ҳисоблайман. Ишонаманки, бугунги тадбир келгусида шаҳримизга сайёҳлар оқими ортишига ҳам хизмат қилади», — деди шаҳар ҳокими.

Самарқанддаги яриммарафон югуриш йўлаги энг гўзал ва қизиқарли трассалардан бири бўлиб, югуриш маршрути давомида иштирокчилар шаҳарнинг барча асосий диққатга сазовор жойларини кўриш имкониятига эга бўлади. Марафонга Регистон мажмуаси ёнидан старт берилди.

Марафонда бевосита иштирокчи, ҳам тадбир ташкилотчиларидан бўлган Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги оммавий спортни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Зарина Абдуллаева тадбирнинг аҳамияти ҳақида гапириб берди.

«Марафон онлайн ва офлайн тарзда ўтказилмоқда. Демоқчиманки, дунёнинг ўттизга яқин давлати, қўшни давлатлардан ташқари Европа мамлакатлари, ҳатто Мексикада ҳам ушбу марафонда биз каби югураётган иштирокчилар бор. Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад, мамлакатимизда жойлашган маданият ва санъат объектларида инклюзивлик муаммосига жамоатчилик эътиборини қаратиш, шунингдек, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш ва Ўзбекистонда спорт туризмини ривожлантиришдан иборат.

Бундан ташқари, барча ёшдаги юртдошларимизни оммавий спортга жалб этишни ният қилганмиз. Ярим марафондан келиб тушган маблағлар имконияти чекланган шахсларни маданият муассасаларига ишга жойлаштириш учун хайрия мақсадида сарфланади», — деди Зарина Абдуллаева.

 

Марафонда нафақат профессионал спортчилар, балки таниқли тадбиркорлар, корхона-ташкилотларнинг кўнгилли ходимлари ҳам қатнашди. Хусусан, Murad Buildings раҳбари ва NRG компаниясининг асосчиларидан бири Мурод Назаров Самарқандда ўтказилаётган анъанавий марафонни соғиниб келганини айтиб ўтди.

«Марафонда иштирок этиш учун биз ҳам қарийб эллик кишилик жамоамиз билан келдик. Ўтган сафар ўн километр масофага 48 дақиқада етиб келгандим. Бу сафар 44 дақиқада келдим, шахсий рекордимни янгиладим. Умуман, марафон баҳона Самарқандга минглаб инсонлар йиғиляпти, меҳмонхоналар тўла. Бу туризмнинг ривожланишига хизмат қилади, қолаверса, Самарқандни кўраман деб сабаб тополмай юрган инсонларга шаҳарни яна кўриш имкониятини беряпти», — деди Мурод Назаров.

Турли масофаларда марафонда югурган иштирокчилар бирин-кетин финиш чизиғига етиб кела бошлашди. Эътиборли жиҳати, 2019 йилда биринчи, 2020 йилда иккинчи бўлиб маррага етиб келган Шоҳрух Давлатов бу сафар ҳам 21 километрлик масофага биринчи бўлиб етиб келди.

«Бу сафарги марафон мен учун анча оғир ўтди. Сабаби, дастлаб адашиб 10 километрлик масофага югуриб бошладим ва 21 километрлик масофага югурувчи шерикларимни кўрмаганим сабабли ортга қайтдим. Стартга қайтиб келгунимча 21 километрлик марафончилар жўнаб кетишган экан. Анча вақт ва куч йўқотдим. Шундай бўлса-да, бор куч ва иродамни ишга солдим. Машаққатли тайёргарлик ўз натижасини берди, худога шукр, сафдошларимдан кейин старт олган бўлсам-да биринчи бўлиб финишга етиб келиш насиб қилди. Кечагина фарзандли бўлгандим, ушбу ютуғим оилам учун катта совға бўлди», — деди Сурхондарё енгил атлетика мактаби вакили Шоҳрух Давлатов.

21 километрлик масофага аёллар ўртасида биринчи бўлиб қирғизистонлик Гулшаной Саттарова етиб келди.

«Аллоҳга шукр, ушбу марафонда биринчилик насиб қилди. Шу вақтга қадар Қирғизистон ва Қозоғистонда халқаро яриммарофонларда ғолиб бўлганман. Ҳар бир марафонда ўзига яраша қийинчиликлар бўлади, бу сафар ҳам осон бўлмади. 18 йилдан бери спорт билан шуғулланаман. Биринчи устозим андижонлик, айни вақтда Қирғизистонда яшайман», — деди Гулшаной.

Бу сафарги «Samarkand Half Marathon» халқаро яриммарафонда 29 давлатдан 2165 нафар иштирокчи қатнашди. Хусусан, икки километрлик масофага 880, ўн километрлик масофага 733, йигирма бир километрлик масофага 450 ҳамда шимолча юриш (2 километр) мусобақаларида 102 нафар иштирокчи рўйхатдан ўтди.

Самарқанд халқаро яриммарафонида турли ёш тоифалари бўйича ғолиб ва совриндорларга ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари ва пул мукофотлари топширилди.

Исомиддин ПЎЛАТОВ, Kun.uz мухбири.

Тасвирчи ва монтаж устаси: Жаҳонгир АЛИБОЕВ.

Мавзуга оид