3 ноябрь куни Ўзбекистонда 4 та интернет платформасининг фаолияти икки соатга яқин вақт давомида чекланди. Кейинчалик бу иш президент билан келишмаган ҳолда амалга оширилгани учун уч нафар юқори лавозимли амалдор ишдан олинди.

NetBlocks сервиси яратган хизмат ижтимоий тармоқларни блоклаш давлатга қанчага тушишини ўз формуласига асосан ҳисоблаб беради.

Унга кўра, Ўзбекистонда 3 ноябрь куни соат 19:00 дан 21:00 гача бўлган вақт оралиғида Twitter, Facebook, Instagram ва YouTube'ни блоклаб туриш Ўзбекистон иқтисодиёти учун камида 259 минг долларга ёки 2 миллиард 781 миллион сўмга тушган бўлиши мумкин.

Ушбу сервис Telegram, TikTok, WeChat ва Вконтакте'ни блоклаш ортидан келган/келаётган зарарни ҳисобламайди. Шунинг учун улар юқоридаги ҳисоб-китобларга қўшилмаган. Сервис айнан ўша икки соат давомида Ўзбекистондаги барча тармоқларнинг ёпилишини тахминан 2,6 миллион долларга баҳоламоқда.

Шунингдек, Twitter ижтимоий тармоғи жорий йилнинг 2 июль куни ёпилиб, ҳозиргача (2 июль – 9 ноябрь саналари оралиғида) блокда тургани ортидан Ўзбекистон иқтисодиёти тахминан 101,3 миллион доллар ёки 1 триллион 84 миллион сўм йўқотган. Аниқроғи давлат зарар кўришда давом этмоқда, чунки ҳалигача Twitter'нинг Ўзбекистондаги фаолияти чекланган.

NetBlocks баҳолаш хизмати 2019 йил январь ойидан ишга тушган. Ушбу хизмат ижтимоий тармоқларнинг барчаси ёки алоҳида платформалар блокланган ҳолда иқтисодиётга қанча зарар келтиришини ўз формуласига асосан ҳисоблаб чиқаради.

180 давлатдан 20 мингдан ортиқ аъзони бирлаштирган Бутунжаҳон интернет ҳамжамияти ва NetBlocks таҳлил маркази ушбу ҳисоблагич муаллифи ҳисобланади.