Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қиш яқин. Аҳоли “свет” ўчишидан ҳадикда, Энергетика вазирлиги хавотирли сигнал берди
Кўпинча умидбахш баёнотлар берувчи Энергетика вазирлиги бу йил қиш арафасида тарқатган расмий ахборот ортиқча оптимизмга берилмасликка ишорадек гўё.
2021 йилда электр тармоқларига умумий ҳисобда 430 млн доллар пул ажратилиши айтилганди. У пуллар ажратилдими-йўқми, бизга қоронғи. Аммо факт шуки “свет” ўчишда давом этмоқда. Вазият жиддий ўзгармаган.
Ўзбекистондаги энг ғалвали лавозим энергетика вазирида бўлса керак. Нафақат қишда, балки ёзда ҳам чироқ ўчаверади, одамлар асабийлашаверади, бўралаб сўкаверади. Ишлаб чиқариш ортса-да, истеъмолга ета олмайди. Вазир президент қаршисида ваъда беради, аммо амалда бажара билмайди. Аҳоли эса қишни ҳар доимгидек ҳадик билан кутади.
Бу ҳам майли, Сенат раиси Танзила Норбоеванинг: “Умуман олганда, “свет” ўчиши, зулматда ўтириб телевизор кўролмаслик беш йил олдинги тарих эди. Ҳозир буларнинг барчаси бартараф қилинди”, деган сўзлари Ўзбекистонда энергетика мавзусининг маддалаган ярасини яна тирнагандек бўлди.
Ижтимоий тармоқлар заҳарханда гапларга тўлиб тошди, жойлардан зулматда туширилган суратлар, видеолар ёғдириб ташланди.
Сенат матбуот котиби Мўмин Ибодов Норбоева бу тадбирда бошқачароқ, тўлиқроқ гапирганини, бу тарқалган лавҳа контекстдан юлиб олинган ва нотўғри талқин қилинганини билдирди. Аммо қандай қилиб тугал фикр англашилган жумлалар нотўғри талқин қилинганини тушунтириб бермади.
Умуман олганда, газ-свет муаммоси Ўзбекистон учун шу қадар азалий ва оғриқлики, уни янгилик сифатида ёзиш, қаердадир шу муаммодан одамлар қийналаётганини ёритишнинг заррача ноёблиги йўқ аслида.
Лекин ҳаммани масаланинг ечими қизиқтириши табиий. Бир вазирликка ёки ягона вазирга боғлиқ бўлмаса-да, бу борада биринчи навбатдаги танқид объекти Энергетика вазирлиги бўлиб қолаверади.
Вазирнинг аҳволига ҳавас қилиб бўлмайди, дедик. Чиндан ҳам шундай. Олий даражадаги тадбирларда президент қаттиқ талаб қўяди. Вазиятдан чиқиш ёки ҳеч бўлмаса юмшатиш учун вазир тез орада ҳаммаси изига тушишини, тизимни яхшилаш учун миллиардлар ажратилаётганини, бу йил олдинги йиллардагидек қийинчилик бўлмаслигини айтади. Лекин тез орада ёмғирдан қутулиб дўлга тутилади. Қиш ҳам дарров келақолади, “свет” ўчишини қўймайди.
Вазир рекорд даражада кўп трансформаторлар ўрнатилгани ва таъмирлангани ҳақидаги ҳисоботлари билан ўз фаолиятини асосли оқлаши мумкин, бироқ “Бу йилдан бошлаб зарур талабни қондира оладиган бўламиз”, “Биздаги газ учта Ўзбекистонни боқа олади”, “Ҳамма истеъфога чиқиб кетаверса, ким ишлайди?” деган гаплар, қишда уйдаги эшикларни яхшилаб ёпиб юриш ҳақидаги тавсиялар одамлар орасида юқоридаги ҳисоботлардан кўра анча кўпроқ тарқалади.
Ўзбекистон энерготизими жиддий ислоҳотларга муҳтож экани кўп марта гапирилди, гапирилмоқда. Тўғри, сўнгги йилларда муаммолар ниҳоят тан олинди, соҳага жиддий инвестициялар киритилмоқда, турли усуллар билан ишлаб чиқариш ҳажми ошди. Энг муҳими – вазирлик ўғирлик ва қарздорлик учун халқни, халқ эса светни ўчириш учун тизимни айблайдиган иллатли доира ниҳоят узилмоқда. Яъни янги тизимга кўра фақат олдиндан тўлов асосида свет ёқиляпти, миллионлаб қарзга кириб кетишнинг ҳам деярли иложи қолмади.
Аммо бу ҳам муаммонинг сезиларли ечими бўла олгани йўқ. Сўнгги пайтларда ҳатто Тошкентда ҳам электр узилишлари кузатилиб турибди.
Энергетика вазирлиги Kun.uz'га тақдим этган маълумотга кўра, 2021/22 йиллар куз-қиш мавсумида истеъмолчиларга жами 34 млрд 152 млн кВт.соат электр энергияси етказиб берилади. Бу ўтган мавсумга нисбатан 12,5 фоизга кўпни ташкил қилади.
Бунинг учун ноябрь-декабрь ойларида умумий қуввати 1 300 МВт бўлган 8 та электр станциялари ишга туширилади. Хусусан, Самарқанд вилоятида қуввати 100 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси, Тошкент вилоятида умумий қуввати 710 МВт бўлган 3 та, Бухоро ва Хоразм вилоятларида умумий қуввати 444 МВт бўлган 2 та иссиқлик электр станцияси ҳамда Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида 2 та гидроэлектр станцияси ишга туширилади.
Бунинг натижасида 2022 йил январь-март ойларида 2 млрд 523 млн кВт.соат қўшимча электр энергияси ишлаб чиқарилади ва иқтисод қилинган 370 миллион куб метр табиий газ аҳоли истеъмолига йўналтирилади.
Бу рақамлар муҳим албатта. Лекин ҳаммани бир савол қизиқтиради – бу йил свет ўчмайдими?
Ўчади. Бунга шубҳа қилмаса ҳам бўлади, ўзимизни алдамай вазиятга реал қарашимиз ва қабул қилишимиз зарур. Қанча ваъдалар берилса ҳам, рақамлар жозибадор кўринса ҳам, умумий ҳолатда катта ўзгариш сезилмайди.
Энергетика вазирлигининг сўнгги баёноти ҳам худди шуни тасдиқлаётгандек. Маълум бўлишича, сув танқислиги туфайли Ўзбекистондаги ГЭСларда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми икки йил олдингига нисбатан қарийб чорак қисмга камайган.
“2019 йилда гидроэлектр станцияларда ишлаб чиқариш 6,5 миллиард кВт/соатни ташкил этган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич ўтган йилги кўрсаткич каби 5 миллиард кВт/соатни ёки 1,5 миллиард киловатт-соатга кам (23 фоиз)ни ташкил этмоқда. Мазкур 1 млрд 200 млн кВт/соат электр энергия билан республика аҳоли истеъмолчиларини бир ой мобайнида узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мумкин”, – дейилган вазирлик ахборотида.
Сув танқислиги муаммоси йилдан йилга кучайиб бораётганини ҳисобга олсак, Ўзбекистоннинг энергетика муаммоси яқин йилларда ечим топмаслиги аён.
Буни тепадагилар очиқ тан олиши даргумон бўлса-да, пастдагилар ўтин, кўмир ва тапписини ғамлайвериши керак. Аччиқ ҳақиқат шу!
Аброр Зоҳидов
Мавзуга оид
17:36 / 26.05.2026
Газ ва электр энергияси учун олдиндан тўлов қилинганда 2 ой эски тарифлар амал қилади
13:18 / 15.05.2026
1 июндан электр энергияси ва табиий газнинг янги тарифлари жорий этилади
21:41 / 05.05.2026
Қозоғистон 2027 йилда Россиядан электр энергияси олишни тўхтатади
12:57 / 07.04.2026