19:07 / 11.11.2021
5910

БАА ва Баҳрайн илк бор Исроил билан ҳарбий машғулотлар ўтказмоқда

Фото: via press tv

АҚШ БАА, Баҳрайн ва Исроил билан Қизил денгизда қўшма ҳарбий-денгиз машғулотлари ўтказмоқда. Бу ҳақда АҚШ ҳарбий-денгиз кучларига таяниб The Times of Israel нашри хабар берди.

Эътиборлиси, бу машғулотлар БАА ва Баҳрайн Исроил билан 2020 йил сентябрда ўзаро муносабатларни яхшилаганидан кейин ушбу давлат армияси билан илк бор ҳамкорлик қилиши ҳисобланади.   

“АҚШ кучлари минтақадаги ҳамкорлари билан машғулотлар ўтказишини кўриш ёқимли. Бу машғулотлар денгизда хавфсизликни таъминлаш бўйича умумий имкониятларимизни мустаҳкамлашга қаратилган. Денгиз ҳамкорлиги эркин кемачиликни ва эркин савдони таъминлашда ёрдам беради. Бу эса минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик учун зарур”, деб айтган АҚШ вице-адмирали Брэд Купер баёнотида.

Купернинг айтишича, Қизил денгизда ўтадиган 5 кунлик машғулотлар “иштирокчи томонлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришга” қаратилган. Машғулотлар 10 ноябрда АҚШнинг USS Portland крейсерида бошланган. Улар кузатув олиб бориш, тинтув ўтказиш ва мусодара қилиш машғулотларини ўз ичига олган. 2017 йилда сафга киритилган кема 14 тагача десант транспортёри ва 4 та CH-46 Sea Knight жанговар вертолётини олиб юра олади.

Таъкидланишича, машғулотлар Эрон томонидан Исроилга билдирилаётган янги таҳдидлар ортида ўтмоқда. 11 ноябрда Эроннинг Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони генерал Амир Али Ҳожизода “Исроил урушни бошлаши мумкин, лекин уни Эрон тугатади”, деб айтган. Унинг таъкидлашича, “Исроил томонидан Эронга нисбатан ҳар қандай хато Исроилнинг йўқ бўлишига олиб келади”.

Қизил денгиздаги тўрт томонлама машғулотлар олдидан Эрон дунё нефт экспортининг 20 фоизга яқини ўтадиган Форс кўрфазида катта кўламли ҳарбий машғулотларни бошлаган. Маълумотларга кўра, машғулотларда Эрон армиясининг қуруқликдаги қўшинлари, жанговар самолётлари, десантчилар ва ҳарбий кемалар иштирок этмоқда.

Эронлик ҳарбийлар машғулотлар вақтида таъсир доираси 300 кмгачани ташкил қилувчи “Қодир” қанотли ракеталарини отишни машқ қилишган.

Форс кўрфази давлатларида ушбу машғулотлар кемачиликка таҳдид деб қабул қилинмоқда.

2020 йил 16 сентябрда БАА ва Баҳрайн АҚШ воситачилигида Исроил билан муносабатларни яхшилаш ҳақидаги келишувни имзолаганди.

Top