Ўзбекистон | 18:30 / 12.11.2021
11949
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон аҳолисининг қанча фоизи чекувчилар экани маълум қилинди

Ўзбекистондаги жами эркакларнинг 23 фоизи, аёлларнинг эса 1 фоизи чекувчилардан иборат, мамлакатда ҳар йили 30 мингга яқин киши айнан чекиш билан боғлиқ касалликлар туфайли оламдан ўтади. Бу ҳақда бугун, 12 ноябрь куни «Миллий тикланиш» партияси фракциясининг бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида маълумот берилди.

Фото: Getty Images

Қонунчилик палатасида ўтган фракция йиғилишда дастлаб «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Йиғилишда глобал муаммога айланган – юрак-қон томир, саратон, қандли диабет каби хасталикларнинг пайдо бўлишига тамаки ва алкоголь маҳсулотлари сабаб бўлаётгани қайд этилган. БМТ маълумотига кўра, тамакидан йилига 5,4 миллион, яъни ҳар 6 сонияда 1 киши ҳаётдан кўз юмар экан. Алкоголь сабаб эса 3,3 миллионта ўлим қайд этилмоқда.

«Мамлакатимизда ҳам бу борадаги аҳвол хавотирли. Республика саломатлик ва тиббий статистика институти маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ҳар йили 30 мингга яқин киши айнан чекиш билан боғлиқ касалликлар туфайли оламдан ўтади. Юртимиздаги жами эркакларнинг 23 фоизи, аёлларнинг 1 фоизи чекувчилардир. Айниқса, кейинги пайтларда ёшларнинг электрон сигареталар, никотинли снюсларга ружу қўйиши кўпаймоқда. Мутахассисларнинг фикрича, электрон сигарета чекувчилар кейинчалик одатий сигареталарни икки баравар кўпроқ чека бошлайди. Бу эса ёш авлоднинг никотинга қарамлик даражаси янада кўтарилишига олиб келади», – дейилади қуйи палата матбуот хизмати хабарида.

Юқоридаги ҳолатлар инобатга олиниб, қонун лойиҳаси тайёрланган ҳамда унда алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотларининг айланмасини тартибга солиш, салбий оқибатлардан фуқароларни ҳимоя қилиш, жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантиришнинг ташкилий ва ҳуқуқий шарт-шароитларини яратиш кўзда тутилмоқда. Амалдаги қонуннинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари кучсизлиги натижасида унда белгиланган қоида ва чекловларга риоя этиш даражаси жуда паст бўлмоқда.

«Қонун лойиҳасининг янги таҳририда алкоголь ва тамаки маҳсулотларини реализация қилишга доир чекловлар 20 ёшдан 21 ёшга ўзгартирилмоқда, етказиб бериш ва тарқатиш бўйича талаблар кучайтирилмоқда. Шунингдек, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари пештахталарида тамаки маҳсулотини қўйиш ва намойиш этишга йўл қўйилмаслиги белгиланмоқда.

Шу билан бирга, лойиҳада амалдаги қонунда назарда тутилмаган, аммо ҳозирги кунда ёшлар ўртасида урфга айланаётган, уларнинг соғлигига жиддий хавф туғдирувчи никотинли снюслар ҳам тамаки маҳсулотлари қаторига киритилиб, унинг айланмасига чекловлар назарда тутилмоқда», - дейилади хабарда.

Мавзуга оид