Жаҳон | 20:30 / 14.11.2021
5103
3 дақиқада ўқилади

Қиролича Елизавета II саломатлигидаги муаммо туфайли муҳим тадбирда иштирок эта олмади

Буюк Британия қироличаси Елизавета II сўнгги лаҳзаларда мамлакатда якшанба куни ҳарбий низоларда ҳалок бўлган британ аскарлари хотирасига бағишланган маросимларда иштирокини бекор қилди.

PA MEDIA

Хабар қилинишича, 95 ёшли қиролича белини шикастлаб олган ва бугунга режалаштирилган Лондон марказидаги Уайтҳоллдаги Кенотаф мажмуасидаги анъанавий сукут сақлаш ва мемориалга гулчамбар қўйиш маросимида иштирок эта олмаслиги маълум бўлган.

Букингем саройи матбуот хизмати қиролича воқеаларнинг бундай ривожидан «жуда ранжигани»ни таъкидлаган.

20 октябрь куни Елизавета II тунни шифохонада ўтказганди, Букингемдагиларнинг маълум қилишича, қиролича бу ерда тиббий кўрикдан ўтказилган. Кейин у қарийб бир ой давомида таътилда бўлди ва шифокор тавсиясига кўра барча ишчи учрашувларни бекор қилганди.

Associated Press агентлиги хабарига кўра, қироличанинг белидаги муаммо унинг шифохонага сўнгги ташрифи ва кейин дам олишга чиқиши билан боғлиқ эмас.

Сешанба куни қиролича Англия шарқидаги Норфолкда жойлашган Сандрингем қароргоҳидан дам олиш кунларини ўтказиб Лондон ғарбидаги Виндзор қалъасига қайтганди. 1 ноябрь куни уни Виндзор қалъаси ҳудудида, ўзининг яшил «Ягуар Эстейт» русумли автомашинаси рулида учратишганди. ОАВда қиролича ўз одатига кўра ўзининг корги итини сайрга олиб чиққани ҳақида айтилди.

Британияда уруш қурбонларини хотирлаш куни Биринчи жаҳон уруши якунланган сана - 11 ноябрга яқин якшанбада ўтказилади. Бу кун яқинлашиши арафасида расмий давлат идоралари бинолари қизил лолақизғалдоқ тасвирлари билан бурканади, кўплаб британияликлар уруш фахрийлари ва уларнинг оилалари билан бирдамлигини изҳор этиш учун либосларига ушбу гул тасвирларини тақиб олишади.

Қиролича хотирлаш куни муносабати билан ўтказиладиган кўплаб тадбирлар, жумладан Алберт-Ҳоллдаги шанба кунги концертни ўтказиб юборишга қарор қилганди. Аммо, Букингем саройи хабарига кўра, у якшанба куни Уайтҳоллдаги гулчамбар қўйиш маросимида қатнашишга «қатъий аҳд қилганди».

Унинг ўрнига маросимда шаҳзода Чарльз бошчилик қилди, унга анъанага кўра, бош вазир, мухолифат етакчиси ҳамда қироллик хонадонининг бошқа кўплаб вакиллари ҳамроҳ бўлди.

Елизавета II учун ҳалок бўлган ҳарбийларни хотирлаш маросими алоҳида аҳамиятга эга. У Британия қуролли кучларини бошқарган ва ўзи ҳам Иккинчи жаҳон урушида автомеханик ва юк машинаси ҳайдовчиси сифатида иштирок этган.

Якшанба кунги маросимда иштирок этиши унинг шифохонадан чиққандан кейин илк бор омма олдида кўриниш бериши бўларди.

Ўтган йили коронавирус туфайли ушбу тадбир кўлами қисқартирилган, аммо бу сафарги маросимда юзлаб амалдаги ҳарбий хизматчилар ва ўн мингдан ортиқ фахрийлар иштирок этишига рухсат берилган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид