Ўзбекистон | 17:00 / 17.11.2021
6332
2 дақиқада ўқилади

Адлия вазири ҳоким ёрдамчилигига мажбурланаётганлар вазирликка мурожаат қилиши мумкинлигини айтди

Адлия вазири Русланбек Давлетов ҳоким ёрдамчиларини ишга қўйишдаги можароли вазият ҳақида фикр билдириб, вазирликда меҳнат ҳуқуқлари бўйича ҳимоя қилишга ваколатлар борлигини қайд этди.

Вазир ҳоким ёрдамчиси бўйича мажбурлаш бўлаётгани ҳақидаги гап-сўзлардан хабардорлигини, мажбурлашга дучор бўлаётганлар Адлия вазирлигига мурожаат қилиши мумкинлигини билдирди.

“Касбни эркин танлаш бу жуда катта аҳамиятга эга бўлган конституциявий ҳуқуқ. Инсон ўз орзу-ҳавасларига эга, шу йўналиш бўйича ишлайди, ўз билимини оширади, эртанги кунга режалар қилади.

Жойларда шундай ҳолатлар бўлаётган бўлса, бу ноқонуний ҳисобланади ва ҳолат ҳақида хабар бераётганлар ҳам бунга қарши кескин чора кўриши мумкин. Яъни “йўқ” деб жавоб берганида тазйиқлар бўладиган бўлса, мурожаат қилиши мумкин.

Бизда меҳнат ҳуқуқлари бўйича ҳимоя қилишга ваколатларимиз бор. Албатта, ҳолатни манзилли кўриб чиқиш керак. Аниқ ҳолатда ким мажбурланаётган бўлса, биз шунга ўз муносабатимизни билдиришимиз керак”, – дейди адлия вазири.

Аввалроқ, Kun.uz сайтида маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари лавозимига молия-иқтисодиёт секторида иш тажрибасига эга бўлган касб эгалари мажбуран ўтказилаётгани бўйича ҳолат ёритилганди. Бу ҳолат жамоатчиликнинг фаол вакиллари томонидан норозилик билан кутиб олинган.

Аббос Салайдинов
Тайёрлаган Аббос Салайдинов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид