Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бугун жаҳонда ҳожатхона куни: инсоният тоза сув, канализация ва хавфсиз гигиенага қачон эришади?
19 ноябрни БМТ Жаҳон ҳожатхона куни дея расман эълон қилган. Ташкилот мақсадлари орасида 2030 йилга келиб сайёрамизнинг ҳар бир аҳолисини тоза сув ва хавфсиз санитария билан таъминлаш турибди.
Ҳожатхонангиздаги унитаз қандай кўринишда? Шу, кўпчилик қатори оддий, оқ чиннидан ясалган бўлса керак, а? Кимлардир тилла унитазга ҳам ошуфта. Ҳозир ўзбеклар орасида чачаген қўйиш урфга айланди. Бу ҳам яхши.
Лекин шуниси аниқки, ҳамон жуда кўп инсонлар «далага чопади» ва кўпчиликнинг ҳожатхонаси ҳали ҳам уйдан ташқарида жойлашган. Уйда унитазнинг мавжуд бўлиши ҳозир кўпчиликка табиий ҳолдек туюлар, лекин Ер аҳолисининг деярли ярмида (уч ярим миллиард кишидан ортиқ) бундай мослама мавжуд эмас. Дунё бўйлаб миллиарддан ортиқ одам ўз ҳожатини очиқ осмон остида чиқаради, яъни энг оддий ҳожатхонага ҳам эга эмас;
Ҳозир гап Африка ёки Жануби-шарқий Осиёдаги қашшоқ мамлакатлар ҳақидагина кетмаяпти. «Росстат» маълумотларига кўра, ҳар бешинчи россиялик оилада канализация мавжуд эмас.
Ўзбекистонда ҳам марказий канализация тармоғи бор шаҳарларни бармоқ билан санаса бўлади.
Хавфсиз ҳожатхона нима учун жуда муҳим?
Албатта, унитаздан фойдаланиш учун водопровод суви, канализация тармоғи ҳам керак. Лекин жуда кўпчилик оила сувни ҳамон қудуқлар ва ариқлардан олиб фойдаланади.
Бир ўйлаб кўринг, сиз ўқиган мактабда ҳожатхона қандай эди? Ичкаридами ёки ташқарида? Чунки ҳозир жуда кўп мактабларда қишда иситиладиган ҳожатхона йўқ. Болалар кўчадаги ҳожатхонага чиқишади — ўша тешикли ва қўланса хоначага. Ҳаттоки қишда ҳам.
2021 йилнинг май ойида Domestos компанияси Россияда энг ёмон мактаб ҳожатхонаси танловини эълон қилди. Жавоб тариқасида келиб тушган юзлаб фотосуратлардан харита тузиш мумкин.
Ёмон санитар шароитлар касалликлар тарқалишига олиб келади. Чунки 80 фоиздан ортиқ юқумли ва вирусли касалликлар қўл билан тегиниш, яъни ювилмаган қўллар орқали юқади.
Ҳозир пандемияси кузатилаётган COVID-19 ҳам ана шундай касалликлар сирасига киради.
Иккинчидан, улар ичимлик суви манбаларининг ифлосланишига олиб келади. Кўча ҳожатхоналари ёки носоз канализациядан сизиб чиқаётган нажосатлар ер ости сувларига келиб қўшилади. Бу ҳам касалликларга олиб келади.
БМТ маълумотларига кўра, сайёра аҳолисининг чорак қисмидан кўпроғи — 2 млрдга яқин киши истеъмол учун нажас билан ифлосланган сув манбаларидан фойдаланади.
Ҳар куни беш ёшгача бўлган 700 нафардан ортиқ бола ичбуруғ (диарея)дан вафот этади. Бунга ичиш учун яроқли бўлмаган сувдан фойдаланиш, антисанитария ва гигиена қоидаларига амал қилмаслик сабаб бўлади.
Хавфсиз ҳожатхоналар гендер тенглик ва тенг имкониятлар нуқтайи назаридан ҳам жуда муҳим. Хавфсиз санитарияга етиша олмаскан, хотин-қизлар ҳайз ва ҳомиладорлик чоғида гигиена, жисмоний ва ақлий имкониятлари чекланган одамлар эса мослашмаган ҳожатхоналарда ўз салоҳиятини тўлиқ амалга ошира олмайди.
Муаммони қанча муддатда бартараф қилса бўлади?
Бунинг учун хавфсиз санитариядан фойдаланиш имконияти бўлиши лозим. Лекин бу ишни шошилинч муддатларда амалга ошириш қанчалик реал?
2020 йилда Россия Шаҳар иқтисодиёти институти «Новая газета» сўровига асосан ҳисоблаб чиқди. Унга кўра, инвестициянинг жорий суръатларида Россияда эскирган канализация тармоқларини модернизация қилиш учун 175 йил талаб этилар экан.
Бизда ҳам шаҳарларда биотуалетлар қуриш, одамлар орасида ҳожатхоналардан фойдаланиш маданиятини ошириш ишларини янада кенгроқ тарғиб қилиш керак.
Бу борада сувни тежаш ва ундан оқилона фойдаланиш каби масалалар ҳам ўртага чиқади. Жамоат ҳожатхонаси қандай бўлиши ҳақида аввал ҳам ёзган эдик.
Бу ишлар бир-икки йил аввал катта шижоат билан бошланган эди. Тан олиш керак, айрим ўзгаришлар бўлди, лекин яна ҳаммаси ўз ҳолига ташлаб қўйилгандек.
«Зиёрат туризмини ривожлантириш учун муҳим рол ўйнайдиган таҳоратхоналар масаласини ҳал этиш фақатгина Туризмни ривожлантириш қўмитасига боғлиқ эмас. Бу борада маҳаллий ҳокимликлар ҳам ўз масъулиятини ошириши лозим», — дея таъкидлаган эди Сенат раиси Танзила Норбоева.
Туризм ва спорт вазирлиги Ўзбекистонда 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб талаб даражасидаги санитария-гигиена хоналари бўлмаган ёқилғи ва газ қуйиш шохобчаларининг фаолият кўрсатишига йўл қўймаслиги эълон қилган эди.
Гулзода Раҳимова тайёрлади.
Мавзуга оид
11:24 / 23.05.2026
Эҳтиётсизлик оқибати: ҳожатхонага тушиб кетган бола қутқарилди
23:55 / 05.09.2025
Телефонни ҳожатхонага олиб кириш геморрой хавфини оширади — тадқиқот
17:03 / 20.05.2025
Метронинг 9 та бекатида она-бола хонаси ва ҳожатхона қурилиши ваъда қилинганди. Бу амалга ошяптими?
15:49 / 27.04.2025