Ўзбекистон | 12:23 / 22.11.2021
5918
7 дақиқада ўқилади

“Зарчоб-2 ГЭС” истиқболли лойиҳаси ишга туширилди

Фото: Ўзбекгидроэнерго

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан қайта тикланувчи электр энергиясини ишлаб чиқариш ва реализация қилиш, истиқболли ва самарали лойиҳалар асосида инвестиция маблағларини жалб қилиш, режали тартибда ўзлаштириш, янги гидротехник объектларни эксплуатацияга топшириш, узоқ йиллар мобайнида ишлаб келаётган ГЭСларни модернизация қилиш, ишлаб чиқаришдаги маҳаллийлаштириш жараёнларини кенгайтириш борасидаги ишлар қизғин равишда амалга оширилмоқда.

Ўтган 2020 йилда, мураккаб пандемия шароитларига қарамасдан, пухта режа ва қатъий ишчи тартиб асосида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан 6 та янги қурилиш ва модернизация лойиҳалари фойдаланишга топширилди. Мазкур лойиҳаларнинг умумий қуввати 118,3 МВтни ташкил этади. Бу эса қўшимча 543 млн кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарилишга замин яратмоқда.

Шу ўринда, Жамият томонидан истиқболли лойиҳалардан бири бўлган Cурхондарё вилояти Сариосиё туманида янгидан барпо этилган “Зарчоб-1” ва “Зарчоб-2” ГЭСлари эканини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Фото: Ўзбекгидроэнерго

Мазкур ГЭСларнинг қурилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 майдаги “2017-2021 йилларда гидроэнергетикани ривожлантириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида”ги ПҚ-2947-сонли ҳамда 2018 йил 19 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4067-сонли қарорлари асосида олиб борилди.

Cурхондарё вилояти Сариосиё туманида янгидан барпо этилган “Зарчоб-1” ГЭС қурилиши “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг тизим ташкилоти ҳисобланган “Гидропроект” АЖ томонидан лойиҳалаштирилган. “Зарчоб-1” ГЭСга 2 та гидроагрегат ўрнатиш белгиланган бўлиб, уларнинг умумий қуввати 37,4 МВтни ташкил этади.

“Зарчоб-1” ГЭСда қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, созлаш ва синовдан ўтказиш ишлари, автоматик тизим бошқарувини марказлашган бошқармадан бошқариш ишлари амалга оширилди.

Шу билан бирга, станциядаги гидроиншоотлар синов-тажриба жараёнидан муваффақиятли ўтди. Тўполанг дарёсидан сув олиб ўтувчи Зарчоб-1 ГЭСга келувчи 480 м узунликдаги туннел ва 1 300 м узунликдаги каналда сув ҳайдалиб, синов ишлари ўтказилди. Босимли ҳовуздаги сув кўтариш иншоотлари ишчи шай ҳолатига келтирилиб, белгиланган тартибда синовдан ўтказилди.

Хабарингиз бор, жорий йилнинг апрель ойида “Зарчоб-1” ГЭС туширилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтган эди.

Куни кеча яна бир янги гидроэлектростанция “Зарчоб-2” ГЭС туширилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ раҳбарияти, вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, вилоят ва туман жамоатчилиги, “Тўполанг ГЭС” УК, “Зарчоб-2 ГЭС” масъул вакиллари ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.

Фото: Ўзбекгидроэнерго

Байрамона очилиш маросимини кириш сўзи билан Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов очиб берди ҳамда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан Сариосиё туманида амалга оширилаётган йирик лойиҳаларнинг нафақат туман, балки бутун вилоят ижтимоий-иқтисодий ҳаётига самарали улуш қўшаётганини таъкидлади.

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ Бошқаруви раиси, сенатор Абдуғани Сангинов сўзга чиқиб, инвестициявий лойиҳалар асосида барпо этилаётган янгидан янги гидроэнергетик объектларнинг аҳамияти, асосий ишлаб чиқариш кўрсаткичлари, истиқболдаги режалар борасида тадбир иштирокчиларига қисқача маълумот берди. Шу билан бирга, очилаётган “Зарчоб-2 ГЭС”нинг энергетик қуввати, воҳа аҳолиси истеъмоли учун электр энергияни етказиб беришдаги улуши борасида тўхталиб ўтди. Энг асосийси, ушбу инвестициявий лойиҳалар инсон қадри ва халқ фаровонлиги йўлида изчил амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади.

“Dongfang Electric International Corporation” компанияси лойиҳа менежери Сун Цзян Фэн ҳам ўзаро ҳамкорлик асосида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг аҳамияти борасида тўхталиб ўтди, мамлакат ва Жамият раҳбариятига, меҳмондўст ва самимий халқимизга миннатдорлик изҳор этди.

Сўнгра вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари, сенатор Орзиқул Соатов сўзга чиқиб, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан амалга оширилган навбатдаги лойиҳа – ишга туширилган “Зарчоб-2 ГЭС” том маънода туман ва вилоят аҳли учун янги гидроэнергетик қувват манбаи эканини қайд этиб, Жамият бошқаруви раиси А. Сангиновга кенг жамоатчилик номидан миннатдорчилик билдирди.

Фото: Ўзбекгидроэнерго

Ушбу янги ГЭС учун зарурий технологик қурилмалар Хитойнинг етакчи компанияси “Dongfang Electric International Corporation” томонидан етказиб берилди.

Таъкидлаш жоизки, янги ГЭС учун зарурий асбоб-ускуналар ҳамда гидроагрегатлар хитойлик мутахассислар билан маҳаллий мутахассислар томонидан биргаликда монтаж қилинди. Ушбу ишларни бажаришда соҳада етарлича тажриба ва нуфузга эга бўлган “TURONELEKTROMONTAJ” АЖ, “NP ESAN” МЧЖ, “AGEM” МЧЖ сингари монтаж-наладка йўналишидаги корхоналар билан бир қаторда “Тўполанг ГЭС” УКнинг Зарчоб-2 ГЭС бўлимига 2021 йилнинг бошида ишга қабул қилинган истиқболли ёш мутахассислар фаол жалб қилинди.

Маълумки, инвестициявий лойиҳалар доирасида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан лойиҳавий қуввати 38,2 МВт бўлган Зарчоб-2 гидроэлектр станциясини барпо этиш ишлари белгиланган режа асосида босқичма-босқич олиб борилди.

Қурилиш жараёнларида гидротурбинанинг спиралсимон камера қисмини йиғиш ишлари, босимли ҳовуз, босимли сув қувурини қуриш ва бошқа бир қатор қурилиш ишлари изчиллик билан олиб борилди.

Фото: Ўзбекгидроэнерго

Аҳамиятли жиҳати шундаки, ушбу ресурслар табиий ва қайта тикланувчан ҳисобланиб, мамлакатимиз энергетика соҳасига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади. ГЭСлар томонидан экологияга ҳеч қандай зарар етказмаган ҳолда, барқарор энергия ишлаб чиқарилиб, вилоят саноат корхоналари, турли идоралар ва маҳаллий аҳолига етказиб берилади.

Мазкур лойиҳа ишга туширилиши натижасида Сурхондарё вилоятининг электр энергияга бўлган талабининг муайян қисмини, саноат ва иқтисодиёт корхоналарини гидроэнергия ҳисобидан таъминлаш имкони вужудга келади.

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ мамлакатимизнинг табиий сув ресурсларидан оқилона фойдаланган ҳолда, халқимиз хонадонларидаги ёруғлик манбаи барқарорлигини, аҳолини қайта тикланадиган, экологик тоза ва арзон электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш жараёнига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Мамлакатимиз гидроэнергетикларининг жонкуярлиги, фидойилиги ҳамда тизимли меҳнатлари натижасида юртимиз гидроэнергетика салоҳияти тобора юксалмоқда.

Фото: Ўзбекгидроэнерго

Гидроэнергетика соҳасининг тараққиёти мамлакатимизда электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини ошириш билан бирга, янги ГЭСлар қурилаётган, модернизация қилинаётган гидротехник иншоотлар жойлашган ҳудудлар аҳолиси турмуш фаровонлиги ошишига, ишлаб чиқариш субъектларининг электр қувватлари билан таъминланишига, том маънода, юртимиз иқтисодиётининг янада тараққий этишига муҳим замин яратади.

«Ўзбекгидроэнерго» АЖ Ахборот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид