20:38 / 23.11.2021
15086

«Менга ҳисобот — одамларнинг кўзи» — Шавкат Мирзиёев

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманига ташрифи давомида тўртта сектор раҳбарларига ёшлар билан ишлаш масаласида алоҳида кўрсатма берди.

«Президент бизни 2,5 йил сектор раҳбари қилмаганида, мен бир кун ҳам ҳоким бўла олмас эканман. Ҳамма гап секторда экан. Мана тажриба. Солиқчи бўлиб ишлайверардим деяпти.

Мана, Тошкент аҳолиси ҳайрон бўляпти, у одам эшитишни биларкан деб. Буларни қаердан ўрганди, сектордан ўрганди.

Шунинг учун тўртта секторнинг ҳаммаси дунёқарашини ўзгартириши керак. Айниқса, ёшлар масаласида. Бу ишлар билан хавфсизлик раҳбари шуғулланяпти, Тошкентда тажриба ҳам орттирдик. Шайхонтоҳурдан бошлаймиз. 51 минг ёш бўйича бир ойлик эмас, бир ҳафталик нима иш қилишимиз кераклиги борасида режа қилиниши керак. Мактаб, коллежлар ёки олий таълим муассасаларининг бўш спортзаллари ҳам сизларнинг ихтиёрингизда.

Ёшлар учун ҳамма шароитни яратиб берамиз. Ҳамма ишлар бепул амалга оширилади, бундан даромад топиш менга умуман керак эмас. Сизларга ҳамма ваколатни берганман, тажриба ҳам орттирдинглар.

Хавфсизлик хизматига Қашқадарёдан ўринбосар олиб келдим, қайси вилоятга борсам ҳар бир раҳбар билан алоҳида ўзим гаплашаман. Дунёқараши қандай? Ҳар сафар Қашқадарёга борсам хизматнинг раҳбари адолатли ва виждонли ҳисобот беради.

Менга ҳисобот – одамларнинг кўзи. Фуқаролар розими ҳозирги сиёсатдан? Менга ёзиб берилган рақамлар умуман қизиқ эмас, 25 йил рақамга ишладик. Бу манфаат, маданият, маърифат, бойлик олиб келмади, миллатни кўтармади, биримиз икки бўлгани йўқ. Мен ҳамма нарсани кўраман, кунига камида 200–300 варақ ўқийман. Менда етарли маълумот бўлмаса, давлатни бошқариб бўлмайди. Бировга ишонаман, лекин ўзим билишим керак», дея президент сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Top