Бюджет ташкилотларида ишламайдиган аёлларга ҳам “декрет пули”ни бюджетдан тўлаш таклиф қилинди
Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ходим давлат ё нодавлат ташкилотда ишлашидан қатъи назар барча аёллар учун кафолатли равишда давлат томонидан тўланиши керак, дея таклиф билдирди Халқ демократик партиясининг парламентдаги фракцияси.
Фракция 2022 йилги давлат бюджети муҳокамаларида шундай позиция билдирган. Партиянинг нуқтайи назарини депутат Улуғбек Вафоев қуйидагича баён қилади:
“Бугунги кунда бюджет ташкилотларида ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси давлат томонидан тўланмоқда. Нодавлат ташкилотларда бундай нафақа иш берувчилар томонидан тўланиши белгиланган. Аммо амалда аксарият иш берувчилар ходимлар, аёллар, оналар олдидаги бу мажбуриятни бажармаяпти. Бу эса нобюджет соҳадаги иш берувчилар томонидан аёлларни ишга қабул қилмасликка (айниқса, ҳомиладорлик даврида) ва аёлларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқининг чекланишига сабаб бўлмоқда.
Шу билан биргаликда, иш билан банд бўлмаган аёлларга ушбу нафақалар тўланмайди. Мазкур ҳолатлар кенг жамоатчиликнинг савол ва мулоҳазаларига сабаб бўлмоқда.
Фракциямиз фикрича, барча аёллар учун ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа ходим давлат ёки нодавлат ташкилотда ишлашидан қатъи назар кафолатли равишда давлат томонидан тўланиши лозим. Буни амалга оширишнинг энг ишончли ва мақбул йўли нафақанинг давлат томонидан тўланиши ҳисобланади. Партиямиз депутатлари ҳукуматга мана шу таклифни ҳам берди”.
Иқтисодчи Отабек Бакиров ХДПнинг бу ташаббусини олқишлади.
“Халқ тилида “декрет пули” дейиладиган нафақа аёл киши бюджет ташкилотларида ишласагина тўланади. 2022 йилги бюджет қоидаларида ҳам шундай: бюджет ташкилотларида ишлайдиган ходимларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини тўлашга 500,7 млрд сўм ажратилган.
Агар ҳомиладор ё туққан аёл киши бюджет ташкилотида ишламаса, унга бир тийин ҳам йўқ. Уларга декрет пули тўлаш (амалда тўламаслик) иш берувчиларнинг ўзларига юклаб қўйилган. Декрет пули борасида адолатнинг тикланиши сайлов кампанияси даврида ҳам ҳеч бир номзод тарафидан кўтарилгани йўқ эди”, дея ёзди иқтисодчи Telegram'даги каналида.
“Декрет пули” қандай тўланади?
“Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомга кўра:
- бюджет ташкилотлари томонидан – меҳнат ҳақи жамғармасига ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида;
- хўжалик юритувчи субъектлар томонидан – фойда солиғини ҳисоблашда мазкур харажатлар солиққа тортиладиган базадан чиқариб ташланган ҳолда шахсий маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган.
Президентнинг 2016 йилдаги қарорига кўра:
- бюджет ташкилотларида ишловчи ходимга ишлаган кундан бошлаб 12 ойгача – туғуруқ таътилига сарфланган вақт учун ўртача ойлик иш ҳақининг 75 фоизи;
- ишлаган кундан бошлаб 12 ойдан ортиқ – туғуруқ таътилига сарфланган вақт учун ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида ҳомиладорлик ва туғуруқ учун нафақа тўланади.
Маълумот учун, 2021 йилда ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақалар тўлови учун 414,2 млрд сўм ажратилиши белгиланганди.
Мавзуга оид
11:33 / 23.11.2024
Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни жойлаштиришнинг муқобил шакллари жорий этилмоқда
12:19 / 22.11.2024
Тошкентда ногиронлиги бўлганлар учун “Ижтимоий такси” хизмати йўлга қўйилди
17:32 / 26.10.2024
Кам таъминланган оилаларга электр ва газ тўловлари учун бир марталик компенсация берилади
12:00 / 25.10.2024