“Фақат интернетга эмас, Ўзбекистон тараққиётига қўйилган тўсиқ”. IT-тадбиркорлар – тармоқлар блокланиши ҳақида
“Хорижда 50 минг доллар маош таклиф қилишса ҳам Ўзбекистондан кетмайман дегандим. Лекин ижтимоий тармоқлар блокланган соатларда суриш учун қайси давлатни танласам экан деб ўйлаб қолдим...”
Ўзбекистонда июл ойидан буён Twitter ва яна 4та интернет платформа блокланган ҳолда қолмоқда. 3 ноябрь куни Telegram ва бошқа энг оммабоп тармоқлар ҳам блокланди, бироқ президент аралашуви билан қисқа вақтда тақиқ ечилди.
Мазкур блоклаш операциялари қонун доирасида рўй бермоқда. Тегишли қонун моддасини бекор қилиш масаласи кун тартибида эмас.
Тармоқлар чекланиши айни соатларда ҳам давом этмоқда ва қонун амалда экан, чеклов доираси яна кенгайиши мумкин. Kun.uz бу борада IT соҳаси вакилларининг фикрлари билан қизиқди.

“Ижтимоий тармоқлар блокланиши кичик бизнесни асосий қувват манбайидан маҳрум қилади”
“Najot ta’lim” ўқув маркази асосчиси Темурбек Адҳамовга кўра, ижтимоий тармоқлар блокланса, кичик бизнеснинг реклама бериш имкониятлари фавқулодда камайиб кетади. Аҳолининг шахсий маълумотлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида чиқарилган бу қонун VPN'лар туфайли тескарисига ишлаши мумкин.

“Айни вақтда кичик ва ўрта бизнеснинг мижозларни жалб қилиш қуввати ижтимоий тармоқларга боғланган. Агар ижтимоий тармоқлар блокланса, бизнес асосий қувватидан айрилади. Бизда реклама бериш учун ижтимоий тармоқларнинг муқобили бўлган телевидение ва газеталар бўлиши мумкин. Лекин, телевидение жуда қиммат, оддий тадбиркорлар уни кўтара олмайди. Газеталарда реклама беришнинг эса самарадорлиги жуда паст. Ижтимоий тармоқларнинг фойдаланувчиларни тавсия қилиш алгоритми ҳам тадбиркорларга жуда мос келади.
Бу тармоқлар блокланса, кичик ва ўрта бизнес тадбиркорлари ўз маҳсулоти борлигини реклама қилолмайди, натижада ишлаб чиқаришни камайтиради, хизмат кўрсатишда эса мижозлар камайиб кетади. Бу эса ўз-ўзидан иш ўрни ва солиқлар камаяди, дегани. Масалан, шахсан ўзим юритаётган ўқув марказидаги мижозларнинг 70 фоизи ижтимоий тармоқлар орқали келади, бу жуда арзон реклама.
Яна бир нарса, тармоқлар блоклангач, кўпчилик VPN орқали ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни бошлайди. Аксар фойдаланувчилар, лицензиясиз ва бепул VPN'лардан фойдаланади. Бу эса сизнинг маълумотларингиз учинчи шахслар томонидан ҳам кўрилади дегани. Энди тасаввур қилинг, давлат органларида ёки банкда ишлайдиган шахс VPN орқали ижтимоий тармоқларга киряпти…
Аҳолининг шахсий маълумотлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида чиқарилган бу қонун VPN'лар туфайли ўйлаган нарсамизни тескарисига олиб боради”, – дейди Темурбек Адҳамов.
“Бу қонун – IT'ни тушунмайдиган одамларнинг жоҳиллиги натижаси”
“Top-contact” ва “Bookcafe” бизнес лойиҳалари асосчиси Лазизбек Адҳамовнинг айтишича, шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун IT'ни тушунмайдиган одамлар томонидан бошқа давлатлар қонунчилигидан кўчириб олинган. Агар бу қонун тўлиқ ишга тушса, Ўзбекистонда интернет орқали фаолият юритувчи деярли барча платформалар ёпилиши керак.

“Сиз хорижда бирорта меҳмонхонага жойлашаётган вақтингизда уларга шахсий маълумотларингизни қайта ишлашга розилик берувчи қоғозга имзо қўясиз. Кейинчалик сиз бутун дунёдаги серверлардан фамилиянгиз ёки бошқа шахсий маълумотларингизни битта жойдан туриб ўзгартиришингиз мумкин бўлади.
Европада шахсий маълумотларга доир GDPR (General Data Protection Regulation) деган қонун бор, бу қонун бўйича фуқаролар қайси серверларда эмас, балки серверларда қандай маълумотларим бўлиши керак, қайсилари бўлиши керакмаслигини ўзлари ҳал қилади, давлат эмас.
Бизда эса жоҳиллик билан IT'ни тушунмайдиган одамлар кўчирмачилик қилган. Россия ва бошқа жойларда чиққан қонунларни олиб, ўзбек тилига ўгириб қўйган ва уни ҳам маъноларини тушунмасдан нотўғри қабул қилган.
Масалан, Россияда фуқаронинг ўз розилиги билан унинг шахсий маълумотларини хорижда сақлаш мумкин. Бизда эса тадбиркорлардан ва умуман халқдан сўрамасдан, интернетдаги ҳамма (шахсий) маълумотлар Ўзбекистонда бўлиши керак деган қонун қабул қилинган. Булутли технологиялар серверлари битта жойда бўлмайди. Facebook, Amazon, Google ва Microsoft каби ҳамма катта гигантлар бутунлай булутли технологиялар асосида яратилган.
Бу қонун бизни Шимолий Корея ва Туркманистон каби ёпиқ, қолоқ, инновацияларнинг келажаги йўқ ҳолатга олиб кириб қўяди. Бу СССР вақтидан ҳам баттар ҳолат.
Агар бу қонун тўлиқ ишласа, визага ҳужжат топширганингизда сайёҳлик фирмаси ва элчихонага бераётган маълумотларингиз ҳам тўғри бўлмайди, уларни ҳам ёпиш керак. Ёки авиачипта олмоқчи бўлсангиз ҳам, шахсий маълумотларингизни кирита олмаслигингиз керак. Қонун бўйича учишни ҳам тақиқлаб қўйиш керак. Нимагадир улар тақиқланмаяпти ёки қонунни кимгадир бузиш мумкин, кимгадир бузиш мумкин эмасми?” – дейди тадбиркор.
Лазиз Адҳамовга кўра, хорижий компаниялар маълумотларни олиб келиб сақлаши учун Ўзбекистонда халқаро стандартларга жавоб берадиган серверлар йўқ.
“Ижтимоий тармоқларни қўйиб туринг, бизда ҳатто шахсий проектларни ҳам қўядиган жой йўқ”, – дейди у.
Тадбиркорнинг айтишича, фуқароларнинг шахсий маълумотлари ҳимоясига нисбатан давлатнинг муносабатини UzIMEI кодлари билан рўй берган ҳолат кўрсатиб берган эди.
“Мана ҳозир тадбиркорларимиз экспорт қилиш учун Amazon тизимига кирди, дейишяпти. Бу дегани ўзининг шахсий маълумотларини чет эл серверига қўйди, дегани. Агар мард бўлсангиз, Amazon'ни ёпиб қўйинглар, бу билан мақтанмасдан. Ўзингизнинг чипталар системасини яратинглар, кейин Booking'ни ёпиб қўйинглар…
Хизмат кўрсатиш фақат сартарошхона ёки овқат етказиб бериш эмас, ҳозир ёшлар ижтимоий тармоқлар орқали дастурчилик, дизайн, SMM хизматларини кўрсатади, дарслар жойлаб ўз билимларини сотади. Энди буларни тақиқлаб, ёшларни яна пахта теримга олиб бориш керакми?
Қонунни ижро қилган амалдорлар ишдан олинганини эшитдик. Лекин бу қонунни таклиф сифатида олиб кирганлар қани? Халққа, ёшларга ва тадбиркорларга қарши бу қонунга розилик бериб қўл қўйган депутатлар кимлар? Қани шу одамлар? Нега IT тизимида ишловчи мутахассислар билан маслаҳат қилинмади? Агар биздан сўралганда, бу талаб аҳмоқона эканини кўрсатар эдик.
Мен шахсий маълумотларимни қаерда сақлашни ўзим ҳал қилишим керак. Масалан, Ўзбекистонда фуқароларни паспорт маълумотлари бошқалар қўлига ўтиб кетганини UzIMEI тизимидаги жиноятларда кўрдик. Ўша чегарадагилар, божхоначилар ўзбекистонликларнинг маълумотларини сотаётган экан.
Ана энди сиз ўзингиздан сўранг-чи, қаерда сизнинг маълумотларингиз хавфсизроқ сақланади: тўлиқ халқаро стандартларга жавоб берадиган хориждаги серверлардами ёки “Ўзбектелеком”даги серверда?
Яна бир нарса, machine learning ёки сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиб, 5-10 дақиқа ичида бирор нарсани ҳисоблаш учун бизга юзлаб процессорлар ва жуда катта тезкор хотира керак. Бундай катта технологиялар миллионлаб доллар туради, бир марта ишлатганингиздан кейин қайта керак бўлмайди. 2-3 йилда амортизация эвазига қиймати ноль бўлади. Хориждагилар эса шундай серверларга [ижара пулини тўлаб] маълумот киритиб, дарҳол жавобни олиш мумкин. Биз ўзимизда шуни тақиқлаб қўйяпмиз”, – дейди Лазиз Адҳамов.
“Интернет блокланган куни суриш ҳақида ўйлаб қолдим”
Тармоқларда бир қанча ижтимоий лойиҳаларнинг асосчиси, IT тадбиркор Абдусаттор Абдураҳимов бутун дунёдаги бизнеслар SMM орқали ривожланишга қараб кетаётганда, Ўзбекистондаги тадбиркорларни бундан тўсиб қўйиш – ривожланишга катта тўсиқ эканини айтди.

“Ҳозир Ўзбекистонда ривожланаётган кичик ва ўрта бизнес вакилларида катта пул йўқ. Улар телевидение ва баннерлардан фойдалана олмайди. Шунинг учун уларга ижтимоий тармоқлар керак бўлади. Агар тармоқлар блокланса, тадбиркорлар ўзини ривожлантира олмай қолади.
Бундан ташқари, ҳозир ижтимоий тармоқларда реклама ривожланаётгандан кейин, минглаб ёшлар SMM курсларида ўқимоқда. Бутун дунёдаги бизнеслар SMM орқали ривожланишга қараб кетмоқда. Агар биз бу нарсаларни тўсиб қўйсак, Ўзбекистоннинг ривожланишига тўсиқ қўйган бўламиз.
Шунингдек, биз VPN орқали кираётган вақтимизда юртимиздаги тадбиркорлар ўз маҳсулотини сотишда таргет қила олмай қолади. Маҳсулот рекламасида Ўзбекистондан интернетга кираётганларни кўрсатиш сўралса, ўзбекистонлик фойдаланувчилар топилмаслиги мумкин.
VPN'дан фойдаланиш давлат учун ҳам хавфли, балки маълумотларимиз ўғирланаётгандир. Балки телефонларимизда зарарли нарсалар олаётгандирмиз.
Бизнинг ўнлаб ижтимоий лойиҳаларимиз тўхтаб қолиши мумкин, уларни ривожланиш ва рекламаси SMM орқали ижтимоий тармоқларга боғлиқ. Мен “Осмондаги болалар” лойиҳасига берган интервьюмда агар бирор хорижий компания менга 50 минг доллар ойлик берса ҳам кетмаслигимни айтгандим. Лекин ўша интернет платформалари блокланган куни мен қайси давлатга кетишни ўйлаб кўрдим…
Агар бизга ривожланиш учун имконият берилмаса, ўз келажагимизни кўра олмасак, биз кетишга мажбур бўламиз. Бу – нафақат менинг, балки ривожланишни хоҳлайдиган барча ёшларнинг фикри. Биз уларни ушлаб қололмаймиз.
Агар биз ўзимиз медиа маҳсулотлар яратиб интернетга жойламасак, ёшлар бошқаларнинг маҳсулотини кўриб шу асосида яшашга ўтади. Блоклаб қўйиб уларни интернетдан тўса олмайсиз, ҳозирги авлод интернетдан тўсадиган авлодмас.
Карантин вақтида интернет орқали пул ишлаш – фриланcерлик ҳақида роса гапирилди. Уйда ўтириб даромад топишга роса тарғиб қилинди. Ҳозир 10 минглаб фриланcерлар уйда ўтириб ишлаяпти, солиқ тўлаяпти. Интернетни ёпсак, улар яна ишини ташлаб, Россияга бориб қора иш билан шуғуллансинми?
Яна бир нарса, ижтимоий тармоқлар блокланиши интернетда хизмат кўрсатиш орқали пул айланишига, бунинг ортидан ишсизлик даражаси ва солиқларга ҳам таъсир кўрсатади. Бу нарса бир неча кунда ёки ойларда сезилмас, лекин албатта ўзимизнинг зараримизга ишлайди”, – дейди Абдусаттор Абдураҳимов.
Тавсия этамиз
Қизалоққа қарши армия: Грета Тунберг Ғазога етиб боролмади
Жаҳон | 17:45 / 11.06.2025
Сўм 2 ҳафтада 2 фоизга мустаҳкамланди. Қандай қилиб?
Иқтисодиёт | 18:57 / 10.06.2025
Июнда об-ҳаво нисбатан салқин бўлиши кутилмоқда
Ўзбекистон | 16:47 / 10.06.2025
Ўзбекистон Mobiuz компаниясини халқаро сотувга қўйди
Ўзбекистон | 23:10 / 09.06.2025
Сўнгги янгиликлар
-
«Тухум барак» таоми географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди
Ўзбекистон | 19:03
-
Арманистонда собиқ бош вазир Овик Абрамян қўлга олинди
Жаҳон | 18:58
-
Қашқадарёдан Қорақалпоғистонгача: “Teach for Uzbekistan” таълимда нималарни ўзгартира олади?
Ўзбекистон | 18:16
-
Ўзбекистон МДҲнинг исломий молия марказига айланиш потенциалига эга — экспертлар билан суҳбат
Иқтисодиёт | 18:06
Мавзуга оид

11:20 / 08.02.2025
IT хизматлари экспортини 1 млрд доллардан ошириш режалаштирилмоқда

16:29 / 22.01.2025
Ўзбекистонда Cyber university давлат университети ташкил этилади

10:50 / 02.10.2024
ABBYY IT-компанияси россияликларни уч мамлакатдаги офисида ишдан бўшатди

21:25 / 13.08.2024